Пиёдалар йўлаги йўғу, велосипед йўлагига йўл бўлсин!

Республика аҳамиятига эга Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ҳудудидан ўтган қисми узоқ йиллардан бери таъмирталаб аҳволда эди. Ўтган йил озроқ қисмини асфальт қилишди ва йўл бироз эпақага келди.

Ана энди баъзи "учар" ҳайдовчиларга худо берди-ку, йўлнинг ўша таъмирланган қисмида машинани жуда тез ҳайдашаяпти. Бунинг натижасида бир нечта йўл транспорт ҳодисаси рўй берди.

Ушбу ҳолатларга ҳайдовчиларнинг тезликни белгиланганидан ошириб юбориши билан бирга йўловчиларнинг йўлнинг транспорт воситалари қатнов қисмида ҳаракатланиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Шундай деймиз-у йўлнинг аксарият жойларида пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ-да. Пиёдалар йўлакчаси баъзи жойларда йўқ, баъзи жойларда одамлар ҳовлисига қўшиб олган ёки нимадир қурган. Буни назорат қиладиган ва пиёдалар йўлакчасини очиб қўядиган ташкилот эса ҳозирча топилмаяпти. Аҳолида эса катта йўлларнинг ёқасида пиёдалар йўлакчаси албатта бўлиши кераклиги ва ўша жойни уй эгаларининг ўзлари ҳам тўғирлаб қўйиши мумкинлиги ҳақида тушунча йўқ.

Умуман, кўчаларнинг торлиги ва унда пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги бир бизнинг қишлоқдаги муаммо эмас. Мамлакатимизда аксар аҳоли тиқилинч яшайдиган ҳудудларда аҳвол шундай.

Ҳа, дарвоқе, бугун аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун оммавий юриш, велосипедда ҳаракатланиш, деган тушунчалар ҳаётимизга кириб келмоқда. Аммо тузук-қуруқ пиёдалар йўлакчалари бўлмаган жойларда велосипед йўлаклари ҳақида орзу қилиш ўринлимикан?..

Ғайрат Йўлдош,

Ургут тумани.