Плагиатлик ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ: Биз йиллар давомида кўчирмакаш авлодни тарбияладик

Бунинг мевасини кундалик ҳаётимизда кўриб турибмиз. Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларда кўчирмачилик авж олди. Кимдир бировнинг ижод маҳсулини ўзиники қилиб ижтимоий тармоққа жойлаштиради. Ундан яна кимдир олиб, фойдаланади. Кутилмаганда мантнинг ҳақиқий муаллифи топилиб қолади, сўнгра ўзаро тортишув бошланади... Ёки ахборот тарқатувчи интернет сайтларда берилаётган хабарнинг манбаси кўрсатилмайди. Аслида хабар бошқа ахборот манбасидан кўчирилган бўлади ва ҳоказо. 

Бугунги кунда плагиатлик шу даражада авж олмоқдаки, ҳатто бутун бошли китобни кўчириб, ўзиники қилишга уринаётганлар ҳам учрамоқда. Келинг, аввало, плагиатлик нима эканига изоҳ берсак. Плагиат (лотинча плагио – ўғрилайман) – адабиёт, фан, санъат асари, кашфиёт ёки рационализатор таклифига муаллифликни (қисман ёки тўла) қасддан ўзлаштириш, деганидир. Ўзбекча айтганда, мол-мулкни эмас, ижод маҳсулини қисман ёки тўлиқ ўғирлаш.

Бугун кўчирмакашлик муаммосига дуч келаётган эканмиз, аввало, бунинг сабабларини ўйлаб кўришимиз керак. Ҳеч бир муаммо ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унга дастлаб замин яратилади. Тан олишимиз керакки, йиллар давомида шу заминни яратдик. Бутун бошли кўчирмакаш авлодни тарбияладик.

Қандай қилиб дейсизми? Яхшилаб ўйлаб кўринг. Сўнгги ўн-ўн беш йил давомида талабалар назорат ишларини тайёр интернетдан кўчириб, чиройли оқ қоғозга чиқариб домлаларга топширди ва назоратдан ўтди. Ҳозир ҳам бу анъана давом этиб келмоқда. Дарс қолдирган талаба қолдирган дарси учун ҳам бирор мавзуни адабиётдан ёки интернетдан кўчириб боради. Биз ёшларни талабаликдан кўчирмакашликка ўргатдик. Буни кимга ва нима учун кераклигини ҳанузгача тушунмайман.

Йиллар давомида талабаларнинг оддий назорат ишларидан тортиб, диплом ишлари, илмий ишларигача кўчирмакашликка йўл қўйилди. Охир-оқибат шу даражага келдикки, кўчирмакашлик, бировнинг ижод маҳсулини ўзини қилиб олишлик табиий ҳолга айланди.

-Яқинда “Харид чекини сўрашдан уялмайман” номли мақола ёзгандим. Уни иккита сайтга бердим. Ҳали мақолам сайтда чиқишга улгурмай, кимдир ўзиники қилиб олиб, уялмасдан ижтимоий тармоқларга жойлаштирибди. Мен ёзган мақолани ўша йигит қаердан олганига ҳайронман. “Мақолани мен ёзганман-ку, буни қаердан олдингиз”, деган саволимга жавоб бермади. Бу қип-қизил плагиатлик, - деди журналист Гулчеҳра Бердиёрова.

Бировнинг ёзган мақоласи ёки ахборотини ўзиники қилиб ўзлаштириб олаётганлар, унинг ҳуқуқий жиҳатига аҳамият бермаяпти. Тасаввур қилинг, бировнинг мол-мулкини ўғирлаган қонунан жиноий жавобгарликка тортилади. Шундай экан бировнинг ижод маҳсулини ўғирлаганларга ҳам қонунан жазо турлари белгиланган. 

Адлия вазирлигининг сайтида плагиатликка қонунчиликда қандай жазо турлари қўлланилиши ҳақида келтирилган. Амалдаги қонунчиликда тўғридан-тўғри, бевосита “плагиат” атамаси қўлланилмаса-да, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши учун аниқ жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Хусусан, Жиноят кодексининг 149-моддасига кўра, тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Фуқаролик қонунчилигида эса плагиат содир этган “адабий ўғри”га нисбатан иккита чора қўлланилади. Биринчиси, бу ҳуқуқни тан олиш ва ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш”, яъни аслида асарнинг ҳақиқий муаллифи ким эканлигини эътироф этиш, зарур ҳолларда эса тегишлича расмийлаштириш, иккинчиси эса асар муаллифига етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш (бу чоралар Фуқаролик кодексининг 1040-моддаси ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддаси қоидаларидан келиб чиқади).

Агар сизнинг муаллифлик ҳуқуқингиз бузилаётган бўлса, кимдир сиз ёзган матнни ўзини қилиб олаётган бўлса, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Замон шуни тақозо қилаётган экан, плагиатликка қарши биргаликда курашайлик. Кўчирмакаш авлодни тарбиялаб бераётган олий таълим муассасалари ҳам бу ҳақда ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди.

Хуршида Эрназарова.