Муаммолар ўрганилган, уларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда

Шу йил 11 июлда Zarnews.uz сайтида “Эссиз меҳнат, эссиз маблағ ёки тизим йўқлигининг оқибатлари“ номли мақола берилган эди.
Ушбу мақолада келтирилган муаммо ва масалалар юзасидан қуйидагиларни билдирамиз:
Вилоят кичик ва ёшлар саноат тадбиркорлик зоналари ягона дирекцияси аппарат мажлисида билдирилган эътироз ва танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, дирекция томонидан бугунги кунга қадар 18 та кичик саноат ҳамда 5 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида 90,8 гектар ер участкаси аукцион савдоларига чиқариш юзасидан туман ҳокимликларига тегишли таклиф киритилган. Бу орқали 23,3 гектар ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилиб, 67,5 гектар ер майдонини 3-чорак якунига қадар савдоларга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 апрелдаги қарорига асосан саноат зоналаридаги ер участкалари муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланган бўлса, аукцион савдоларига чиқарилади. Шу сабабли, ер участкалари истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мумкинлигига қараб, вилоят хокимлигининг инфратузилма яратилиши тўғрисидаги кафолат хатлари асосида аукцион савдоларига чиқарилмоқда.
Шунингдек, дирекция томонидан кичик саноат зоналари иштирокчилари йиллар давомида самарасиз фойдаланган 103 та лотдаги 27,8 гектар ер участкалари саноат зоналари иштирокчиларининг аризаси ҳамда тегишли суд қарорларига асосан туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиб, такрор аукцион савдоларига чиқариш бўйича таклиф киритилди.
Туман ҳокимларининг масъул ўринбосарлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар билан биргаликда бугунги кунга қадар Каттақўрғон шаҳри, Нарпай, Қўшработ, Иштихон, Каттақўрғон, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Жомбой ва Булунғур туманларида кичик саноат зоналаридаги ер участкалари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатловда йиллар давомида саноат зонаси иштирокчиларининг ҳаракатсизлиги туфайли самарасиз фойдаланилаётган ер участкаларини туман ҳокимликлари захирасига қайтариш ва такрор аукцион савдоларига чиқариш юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.
Айрим ҳолларда кичик саноат зоналари ҳудудида кўпқаватли уй-жой қурилишига уриниш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Оқдарё тумани “Даҳбед МТП” кичик саноат зонаси ҳудудида “Заринахон Сам престиж” хусусий корхонасига ажратилган 0,6 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтариш ва қайта аукцион савдоларига чиқариш юзасидан жорий йилнинг февраль ойида туман ҳокимлиги ҳамда прокуратурасига расман мурожаат қилинган.
Худди шундай Пайариқ тумани “Челак ММТП” кичик саноат зонаси ҳудудида тадбиркор “Шунқор Ахмедов” томонидан кўпқаватли уй-жой қурилиши ҳолати юзасидан туман ҳокимлиги ва прокуратурасига ушбу ер участкасини белгиланган тартибда ҳокимлик захирасига қайтариш ҳамда қайта аукцион савдоларига чиқариш юзасидан жорий йил май ойида расмий хат орқали маълумот киритилган.
Шунингдек, кичик саноат зоналарида 27 та иштирокчига 15,2 гектар ер майдони бино ва ер участкаларининг кадастр ҳужжатларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилганлиги сабабли ушбу ҳуқуқни бекор қилиш ва ижара ҳуқуқи асосида қайта расмийлаштириш юзасидан тегишли ташкилотлар билан зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, саноат зоналари лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширилиши, ер участкаларидан самарали фойдаланилиши, корхоналарни тўла қувватда ишлашини ташкил этиш юзасидан фаол ишлар олиб бориляпти. Муҳими, кичик саноат зоналари иштирокчиларининг вилоятимиз иқтисодиётида ўзнинг салмоқли ўрнини топишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Алишер ҚАМАРОВ,
вилоят “Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси” бошқарув компанияси директори.