ЮНЕСКО Самарқандни қадрлайди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири саволларига жавоблари
- Адиз Музаффарович, самарқандликлар, айниқса, фаоллар сизнинг Парижга, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессиясида иштирок этиш учун борганингизни диққат билан кузатишди. Шундай бўлса-да, газетамиз орқали муштарийларимиз учун сафар таассуротлари ҳақида ўртоқлашсангиз.
- Аввало, шуни айтишим керакки, ушбу ташрифнинг ҳеч ғайритабиий томони йўқ. Мамлакатимизда маданий меросга муносабат яхшилангани сайин тарихий объектларнинг атрофини обод қилиш, зиёратгоҳга айлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, сайёҳликдан келаётган даромаднинг кўпайиши бизни айнан эътибордаги тарихий обидаларимизни ободонлаштиришга чорламоқда. Бундай режалар албатта, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда олиб борилган ва бундан кейин ҳам давом эттирилади.
- Демак, Парижга аниқ режалар билан борилган.
- Шундай. Имом Мотуридий обидаси атрофини ободонлаштириш, бу ерда зиёратчиларга қулайлик яратиш режаларини тасдиқлатиш учун бордик. Бундан ташқари, Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мажмуаларида ҳам олиб бориладиган реставрaция ишлари лойиҳаларини ҳам тақдим этдик.
- Дарвоқе, Имом Мотуридий ёдгорлиги атрофидаги ўзгаришлар юзасидан ҳар хил фикрлар билдирилган эди.
- Бу гаплардан хабарим бор. Лекин улар асоссиз. Гап фақат ёдгорлик атрофини ободонлаштиришгина эмас, балки бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли турмуш тарзини яхшилаш устида ҳам бормоқда. Айрим кишилар сой ёқасига ўз вақтида уйлар қуриб олишган. Бу ердан на ариқ, на канализaция ўтказишнинг иложи бор. Оқова сувлар эса тўғридан-тўғри каналга тушиб боряпти. Бу муаммо ЮНЕСКО вакиллари мутахассислари иштирокида ҳам ўрганиб чиқилди ва улар бизнинг таклифимизни маъқуллашди. Чунки биз уйи бузиладиган аҳолига барча шароитларга эга бўлган хонадонлар олиб беряпмиз.
- Демак, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг навбатдаги 47-сессиясида шу ҳақда гап бўлган.
- Фақат бугина эмас. Қўмита йиғилишида “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси" шиори остида тарихий объектларнинг сақланиш ҳолати тўғрисида”ги ҳисоботимиз муҳокама қилинди. Бизни хурсанд қиладиган жиҳати шундаки, сессияда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида тарихий меросни асраш борасида қилинаётган ишларга юксак баҳо берилди. Айниқса, Самарқандга хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайиши айнан ана шу йўналишдаги ютуқлар самараси, деб баҳоланди. Ўзбекистонда нодир умумбашарий объектларни сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз эътироф этилди. Бу ишлар изчил давом этса, ЮНЕСКО мутахассислари бизга қўлларидан келганча ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.
- ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси маркази директори Лазар Ассамо билан ҳам учрашув ўтказилибди.
- Бу мулоқот жуда самимий бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан Самарқанддаги тарихий объектларни асраш, ободонлаштириш, зиёратчиларга қулайлик яратиш юзасидан билдираётган таклифларни ўртага ташладик. Хусусан, Лазар Ассамо Имом Мотуридий ёдгорлигининг обод қилинишини, Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мажмуаларида кўзда тутилган таъмирлаш лойиҳаларини маъқуллади. Яқин муддат ичида бу ишлар юзасидан Жаҳон мероси маркази мутахассисларининг тавсияларини ҳам оламиз.
- ЮНЕСКО қароргоҳида Самарқанд шаҳрининг ёши ҳақида ҳам гап бўлди.
- Шунчаки эмас, катта гап бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган археологик қазишмалар, манбаларни пухта ўрганиш бизга янги далилларни тақдим этди. Шу сабабли биз ЮНЕСКО мутахассислари олдига кўҳна шаҳримизнинг тарихи 3 минг йилгача бориши тўғрисидаги далилларни тақдим этдик. Улар бу ишимиздан хурсанд бўлди, агар лозим бўлса, қўллаб-қувватлашларини билдирди. Насиб этса, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг ноябрь ойида Самарқандда бўладиган сессиясида бу жараёнга оқ йўл берилади. Албатта, муштарийлар Самарқанд ёшини ўрганиш бўйича фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳ фаолиятидан хабардор ва бу иш қизғин давом эттирилади.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтсам. Амир Темур жоме масжиди (Бибихоним мадрасаси) ҳам узоқ йиллардан буён таъмирланган эмас. Унинг эски ҳолатини тиклаш долзарб масалалардан бири бўлиб, ЮНЕСКО вакиллари билан ана шу масалалар бўйича ҳам оғзаки келишувга эришдик. Тўғрисини айтсам, ЮНЕСКО махсус қўмитаси вакиллари бу таклифимиздан жуда хурсанд бўлишди.
- Хабарларга қараганда, Парижда ишбилармонлар билан ҳам мулоқот қилган экансиз.
- Париж шаҳри мэри ўринбосари Арно Нгатча билан учрашдим. У билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Албатта, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига оид тажрибалари билан ўртоқлашдик.
Парижда қуруқ мевалар импорти ва экспорти билан шуғулланувчи катта компания бор экан. Биз унинг тижорат директори билан Самарқанддан майиз, ёнғоқ ва бошқа турдаги қуруқ меваларни Францияга экспорт қилиш масаласида муайян келишувларга эришдик.
- Адиз Музаффарович, энди бевосита Италиядаги учрашувларга тўхталсак.
- Хабарингиз бор, Ломбардия вилояти президенти Атилио Фонтана мамлакатимизга ташриф буюриб, Самарқандда ҳам тарихий обидаларни зиёрат қилган эди. Давлатимиз раҳбари билан мулоқотда ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришилганди. Ташрифимиз ана шу визитга жавоб бўлди, десам хато қилмайман. Ҳатто Фонтананинг ўзи ҳам Шавкат Мирзиёев билан самимий суҳбатини эслар экан, бундай ҳамкорликни жадаллаштиришга ҳаракатни маъқуллади. Италиялик тадбиркорлар иштирокида қўшма бизнес-форум уюштирилди.
- Тадбирларда Самарқанд вилояти манфаати учун нималарга эришилди?
- Ломбардия вилоятидаги аксарият корхоналар хомашёни Хитой давлатидан олар экан. Мамлакатимизга келган чоғида ишбилармонлар бизда ҳам бундай хомашёлар кўплигини кўрган. Шунинг учун биринчи келишув айнан Италия корхоналарига хомашё етказиб бериш билан боғлиқ бўлди.
Ломбардия мутахассислари билан ҳамкорликда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш маркази ташкил этамиз. Унда муайян соҳа бўйича билим ва тажриба алмашинади. Булунғур туманида ломбардияликлар 60 гектар майдонда махсус зона ташкил этиб, тўқимачилик ва текстил соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишади.
Шунингдек, италияликлар «Ширин» замонавий шаҳарчаси қурилишида ўз компанияларини жалб этиш истагини билдиришди. Табиийки, Самарқандда Италия ресторанлари, озиқ-овқат дўконлари очилади. Яна бир янгилик: “Самарқанд – Милан” авиақатнови йўлга қўйилади. Италиялик ишбилармонлар тиббиёт, мигрaция, ипакчилик, енгил ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш таклифларини билдиришди ва бу таклифлар асосида «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
- Хабарларга қараганда, италиялик ишбилармонлар билан бўлган форумда инвестиция, савдо ва туризм соҳасида ҳам анчагина келишувларга эришилган.
- Тўғри, бу ҳамкорликка асосан италиялик компаниялар билан биргаликда вилоят бўйлаб сайёҳлар учун вертолёт хизмати уюштирилади. Экологик тоза ёғ ишлаб чиқарилади, заргарлик маҳсулотлари тайёрланади, бўялган текстиль матоси экспорт қилинади.
Шунингдек, “RATTI» компанияси билан биргаликда Самарқандда ипакни қайта ишлаш, замонавий технология ва тажрибалар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик юзасидан ҳам келишувга эришилди. Дунёга таниқли бу компания вилоятимизда ипакчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи. Ўринбосарим Ж.Ҳайдаров кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун замонавий марказ ташкил этиш бўйича Ломбардиядаги катта компания билан англашув меморандуми имзолади. Бу асосан, кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ривожлантиришга мўлжалланган лойиҳа. Ҳамкорлик вилоятимизда замонавий саноат экотизимини шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, янги авлод мутахассисларини етиштиришга ёрдам беради.
Булардан ташқари ҳам кўплаб фикрлар ўртага ташланди. Келгусида ўзаро келишув учун таклифлар билдирилди.
- Демак, Франция ва Италиядаги мулоқотлар кўнгилдагидек ўтди.
- Биласизми, биз иккала мамлакатда ҳам давлатимиз раҳбарининг халқаро ҳамжамиятдаги салоҳиятини ҳис қилдик. ЮНЕСКОда ҳам, бошқа мулоқотларда ҳам хорижликлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни, давлат раҳбарининг тинчликсевар сиёсатини алоҳида таъкидлашди. Бу эса фикрларимизнинг барча мулоқотлардаги устуворлигини таъминлади. Ишончим комил, бундай ҳамкорлик Самарқанд вилоятида нафақат саноат ва қишлоқ хўжалиги, балки сайёҳлик индустрияси, тўқимачилик ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда, муҳими, корхоналаримизни замонавий технологиялар билан жиҳозлашда жуда зарур.
Қаерда бўлмайлик, Самарқанд ҳақида гап очсак, фаранглар ҳам, италияликлар ҳам катта ҳурмат кўрсатишди. Айниқса, Самарқанд шаҳрининг 3 минг йиллик тарихини тиклаш борасидаги таклифимизни олқишлар билан кутиб олишди. Демак, биз ана шундай ҳурматга муносиб бўлишимиз керак.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!