ОТМларнинг халқаро ташкилотлар, хориждаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлиги самара беради

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимизнинг драйвер соҳаси эканлиги сир эмас. Шунингдек, аграр соҳада илм-фан ва инновация ютуқларини яна ҳам кенг кўламда жорий этиш, ресурстежамкор технологияларни қўллаш орқали юртимизда қишлоқ хўжалиги йўналишида юқори натижаларга эришилмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар, хусусан, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва диверсификациялаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш каби дастурий вазифалар аграр тармоқ ривожининг янги босқичга кўтарилишига мустаҳкам замин яратмоқда. Айниқса, соҳага замонавий инновацияларни кенг жорий этиш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беряпти.

Ушбу эътибор ва ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида малакали, етук кадрларни тайёрлаш ишларида ҳам анчайин ўсиш кузатилди. 95 йиллик тарихга эга Тошкент давлат аграр университетида олиб борилаётган амалий жараёнлар мазкур фикримизнинг яққол мисоли бўла олади.

Ўзбекистон аграр соҳасининг илғор олий таълим ва илмий маркази бўлган ушбу олийгоҳ сўнгги йиллардаги ўзгаришлар натижасида чин маънода йирик новаторга айланди.

Айни пайтда университет таркибида 8 та факультет, 24 та кафедра бўлиб, 40 дан ортиқ замонавий ўқув ва илмий лаборатория, бой китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 56,2 гектар илмий-ўқув тажриба майдони мавжуд. 15 минг нафардан ортиқ талабага 562 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда. Интилувчан устозларимизнинг изланишлари натижасида ҳозирги кунда университетнинг илмий салоҳияти 71,2 фоизга етказилгани ҳам бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири, десак муболаға бўлмайди.

Кейинги йилларда университетимизда таълим сифатини яхшилаш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро ташкилотлар, хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Хусусан, АҚШ, Хитой, Россия, Германия, Жанубий Корея, Австрия, Япония, Португалия, Нидерландия, Туркия, Индонезия каби давлатларнинг дунёнинг ТОП-300 рўйхатига кирган 19 та ОТМларининг таълим дастурлари таҳлили асосида университетда мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларининг қариб 300 дан ортиқ фанларнинг ўқув дастурлари ва силлабуслари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатлар таълим сифатини ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малака оширишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилининг январь-май ойларида 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчимиз Польша, Туркия, Малайзия, Жанубий Корея, Хитой ва Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим ҳамда илмий тадқиқот ташкилотларига малака ошириш ва стажировкага юборилди. Ўз навбатида Германия, Польша, Туркия, Малайзия, Жанубий Корея, Хитой ва Россиянинг етакчи олий таълим ва ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг 30 нафардан ортиқ профессорлари университет ўқув машғулотларида иштирок этишди.

Хорижда малака ошириш ва таҳсил олиш борасида талаба ёшларимизга ҳам имкониятлар эшиги доимо очиқ. Аниқ маълумотларга юзланадиган бўлсак, айни пайтда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги, “Leo Garden”, “Agro Light Business”, “Multi Flora” каби 29 та йирик ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2025 йилда 187 нафар талаба Польша, Германия, Болгария каби мамлакатларга ҳақ тўланадиган қисқа муддатли ўқув амалиётларига юборилди. Ушбу йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтириш учун Хитой, Греция, Венгрия ва Хорватияда талабалар амалиётини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, охирги икки йилда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти  (GIZ) ҳамда “ASIIN” халқаро агентлиги билан ҳамкорликда 4 та таълим йўналиши халқаро аккредитациядан ўтказилгани таълим дастурларимизнинг халқаро даражада тан олиниши, университетнинг жаҳон майдонидаги нуфузи ортаётганлигидан далолат беради.

 2025-2026 ўқув йилидан университетимизда мавжуд қўшма таълим дастурлари билан бирга Иркутск давлат аграр университети, Польшанинг WSB университети, ЛитванингVitautas Magnus университети, Туркиянинг EGE университети, Россиянинг Бошқирд давлат аграр университетлари билан ҳамкорликда шундай дастурлар ташкил этилди.

Магистратура босқичида эса Хитойнинг шимолий ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университетида бизнесни бошқариш, мевачилик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини, агрономия, чорвачилик йўналишларида, Венгриянинг МАТЕ университетининг озиқ-овқат хавфсизлиги йўналиши, Туркиянинг Испарта амалий фанлар университетининг ўсимликшунослик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини, мевачилик, чорвачилик йўналишларида кенг қамровли кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланган ва бу йил илк бор қабул амалга оширилади.

Бу каби халқаро малака алмашинувини ташкил этиш бир томондан қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли кадрлар базасини мустаҳкамлашга ҳамда хориж тажрибасини миллий таълимимиз билан уйғунлаштириш баробарида, амалий изланишларда янгидан янги ютуқларга эришишимизга ҳам замин яратмоқда.

Кейинги йилларда Тошкент давлат аграр университети наинки сифатли аграр таълим бериладиган, айни пайтда қишлоқ хўжалигининг реал муаммолари ечимига қаратилган илмий-ҳажмдор тадқиқотлар олиб борилаётган йирик марказга айланмоқда. Бундай дейиш учун асослар етарли. Профессор-ўқитувчиларимиз 2020-2024 йилларда давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларида иштирок этиб, умумий қиймати 25,3 миллиард сўмга тенг бўлган 29 та лойиҳани муваффақиятли бажарди. Биргина жорий йилда ана шундай лойиҳалар сони ўнтадан ошиб, 15 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилиш режалаштирилган.

Жамоамиз илмий салоҳияти йил сайин юксалиб бораётганини биргина илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ҳолати мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни, профессор-ўқитувчилар эришилган илмий ютуқлар, яратилган инновацион технологиялар, ишланма ва ихтиролар асосида агрокластерлар, фермер хўжаликлари, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарига кўрсатилган хизматлар эвазига 2024 йилда университетнинг тижоратлаштириш жамғармасига 3,5 миллиард сўм маблағ тушган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 10 миллиард сўмдан ошириш кўзда тутилган.

Табиийки, бундай ютуқлар қўлга киритилишида илмий изланувчилар учун замонавий жиҳозланган лабораториялар, тажриба майдонлари мавжудлиги қўл келяпти. 56,2 гектар майдонда жойлашган илмий-ўқув тажриба майдонида талабаларимиз, изланувчиларимизнинг ижобий натижаларига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Ҳозирги кунда давлат илмий-техника дастурлари доирасида 5 та амалий лойиҳа ва 130 га яқин илмий тадқиқотлар айнан ушбу ҳудудда олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда бу ерда ўтказилган илмий изланишлар доирасида 50 дан ортиқ ихтирога патентлар олинди. Юқори ҳосилли, турли иқлим шароитига мослашган ғалла, ғўза, мева-сабзавот экинларининг янги навлари яратилди ва истиқболли хориж навлари маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилди. Масалан, жорий йилда Хитой Шимолий ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети билан ҳамкорликда Хитойда яратилган олманинг учта нави интродукция қилинди ва олма боғлари барпо этилди. Хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда ушбу навлар юртимиз тупроқ-иқлим шароитига мослашишини ўрганиш ва уларни парваришлашнинг замонавий технологияси ишлаб чиқилмоқда. Янги олма навлари ҳосилдорлиги, ташишга яроқлилиги, узоқ вақт сақланувчанлигидан ташқари, мевасининг сифат кўрсаткичлари юқорилиги билан бошқа навлардан ажралиб туради. Ушбу боғ тўлиқ ҳосилга кирганда ва агротехника тадбирлари ўз вақтида сифатли амалга оширилганда ҳар тупдан 25-30 килограмгача, бир гектаридан эса ўртача 60-70 тоннагача ҳосил олинади. Худди шундай, янги барпо қилинган анжир боғи ҳамда иссиқхоналарда цитрус мевали ўсимликлар коллекцияси ташкил этилиб, кўчат етиштириш йўлга қўйилган.

Польшалик ҳамкорлар билан янги турдаги резавор мевали ўсимликлар - қулупнай, малина, голубика ва ежевика коллекцияси яратилмоқда. Бундан ташқари, талаб юқори бўлган маҳсулотлар, саккиз турдаги карам, гулкарам, брокколи ва салат барги, шунингдек, сабзи, пиёз ва картошканинг серҳосил навларини етиштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориляпти.

Ўқув-илмий тажриба хўжалигида иқлим ўзгаришларига мослашиш, айниқса, шўрланган ерларда экин етиштириш устида тадқиқотлар олиб борилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айни пайтда шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA — International Center for Biosaline Agriculture) билан ҳамкорликда деградацияга учраган ерларда амарант ва киноа ўсимликларини етиштириш бўйича тажрибалар ўтказилмоқда. Бу экинлар қурғоқчилик ва иссиқликка чидамли бўлиб, озиқ-овқат-хавфсизлигини таминлашда янги имкониятлар эшигини очиши турган гап.

Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрьдаги 60-сонли йиғилиш баёни ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2025 йил 17 январдаги “2024/2025-ўқув йили бўйича камбағал ва кам таъминланган оилаларнинг битирувчи синфдаги фарзандларини олий таълим муассасалари раҳбарларига бириктириш тўғрисида”ги 18-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Янгийўл шаҳар, Қибрай, Чиноз, Паркент, Зангиота, Тошкент, Янгийўл туманларида камбағал ва кам таъминланган оилаларнинг битирувчи синфдаги фарзандларини тайёрлов курсларида ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни Ватанимизнинг таянчи, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори бўладиган инсонлар этиб тарбиялашдир.

Албатта, амалга оширилаётган бу ишлар негизида бир мақсад – малакали кадрлар тайёрлаб, мамлакатимиз равнақига хизмат қилиш вазифаси турибди. Буни университетимизда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, таҳсил олаётган талабалар ҳам юракдан ҳис қилади.

Замонавий билим, амалий кўникмалар ва ишончли келажак сари етакловчи йўл Тошкент давлат аграр университетидан бошланади.

Нарзулло Обломуродов,

Тошкент давлат аграр университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори.