Пойтахтсиз, дарёсиз, кўп миллатли ва яна бир қатор ноодатий мамлакатлар
Ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Шундай эмасми? Баъзида бу хусусиятлар шунчалик қизикки, улар алоҳида эътиборга лойиқ. Бугун сайёрамиздаги бу ғайриоддий мамлакатлар бўйлаб саёҳат қиламиз.
Дарёси йўқ мамлакат
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ер юзида бир нечта бундай давлат бор, лекин улардан энг каттаси Саудия Арабистонидир. Унинг катта қисмини тоғлар, тақир текисликлар ва чўллар ташкил этади. Мамлакат денгизга чиқиш имконига эга, лекин бу денгизга битта ҳам дарё оқиб кирмайди. Саудия Арабистонининг ўз “вади”си бор. Вадилар – бу вақтинчалик дарёлар, аниқроғи, ёмғирли мавсумда сув билан тўлдириладиган қуруқ каналлар. Лекин улар ҳам тезда қурийди.
Бу жуда катта мамлакат аҳолиси сувни қаердан олади, деган савол туғилиши табиий. Барча сув таъминотининг 50 фоизи денгиз сувини тузлантириш орқали, 40 фоизи қудуқлардан ва фақат 10 фоизи ушбу вадилардан олинадиган сувлардир.
Энг кўп соат пояси (вақт минтақаси)га эга мамлакат
Бу Франция давлати. Мамлакатнинг ўзи бир вақт зонасида яшайди, лекин унинг барча денгиз орти ерлари, минтақалари ва маъмурий территориал округлари ҳисобга олинса, у ерда 12 та соат минтақаси чиқади – бу Россиядагига қараганда биттага кўп. Франция бутун дунё бўйлаб тарқалган кўп ҳудудларга эга ва уларнинг орасида жуда катта... ёки жуда кичик масофа бор. Бу глобусни қайси томонга қараб буришингизга боғлиқ.
Одамлардан кўра қўйлари кўп мамлакат
Аслида бу Британиянинг денгиз ортидаги ҳудуди. Яъни, Буюк Британия суверенитети остидаги, лекин унинг қисми ҳисобланмайдиган давлат. Гап Жанубий Атлантикада жойлашган Фолкленд ороллари ҳақида кетяпти. Бу мамлакат фақат қўй жуни экспортидан келадиган даромад ҳисобидан кун кечиради.
Мамлакат ҳудудининг 80 фоизини яйловлар эгаллаган ва охирги маълумотларга кўра, у ерда 500 мингга яқин қўй бор. Одамлари эса 3 мингдан сал зиёдроқ.
Пойтахтсиз мамлакат
Науру – Тинч океанидаги атиги 21 квадрат километр майдонга эга кичик орол давлати. Бу ерда 15 минг киши истиқомат қилади. Илгари бу ерда фосфорит қазиб олиниб, бу давлат экспорт ҳажми бўйича қолганлардан олдинда бўларди. Захиралар тугагач, мамлакат барча фосфат пулларни еб тугатди ва ҳозирда турмуш даражаси жуда паст. Пойтахтга келсак, бутун оролнинг ўзи бир пойтахтдир. Бу ерда шаҳарлар йўқ, пойтахт ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак.
Қўшнисини учратмайдиганлар мамлакати
Монголия энг паст аҳоли зичлигига эга давлат. У ерда ҳозирги кунда – 1 квадрат километрга 2 киши тўғри келади. Катта чўл ҳудудларида жойлашган ушбу мамлакат аҳолиси 3 миллиондан кўпроқ. Аҳолининг тўртдан бир қисми пойтахт Улан-Баторда, ерларининг қолган қисмида эса фақат камсонли кўчманчилар истиқомат қилади.
Ҳеч ким расмий тилда гапирмайдиган мамлакат
Ватикан аҳолиси асосан ёлғиз эркаклардан иборат ва бу ерда никоҳлар тақиқланган. Ватиканнинг расмий тили – лотин тили, бироқ бу давлат бутунлай Италияда жойлашганлиги сабабли ҳамма итальян тилида гаплашади.
Қишлоқ хўжалиги йўқ мамлакат
Дунёда иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлмаган ва деярли барча аҳолиси шаҳарларда яшайдиган давлатлар бор. Сингапур улар ичида энг каттасидир. Мамлакат ҳудудининг атиги 1 фоизида қишлоқ хўжалиги экинлари, у ҳам бўлса кичик ороллардаги шахсий фермаларда етиштирилади.
Энг кўп миллатли мамлакат
Бу Ҳиндистон. Айрим олимларнинг ҳисобларига қараганда, бу ерда 447 тилда гаплашадиган 2 мингдан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Давлат конституциясига кўра, Ҳиндистонда фақат 21 расмий тил мавжуд.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.