Президент: Экспорт агентлиги экспортчиларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ўрнига “бухгалтер-кассир”га айланиб қолган
Шавкат Мирзиёев экспорт масаласидаги муаммоларга тўхталди.
"Экспортни кредитлашга 200 миллион доллар ресурс берилган. Бундан ташқари, бу йил экспортчиларни қўллаб-қувватлашга 800 миллиард сўм йўналтирилмоқда.
Лекин, Экспорт агентлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда бу маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаяпти, - деди Президент. - Масалан, экспорт олди молиялаштириш учун имтиёзли шартларда ажратилган ҳар бир долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келяпти. Лекин электротехникада 2,5 доллар, қишлоқ хўжалигида ва фармацевтикада 3 долларни ташкил қилади.
Ачинарлиси, айрим корхоналарнинг экспорт ҳажми олинган кредитдан кам бўлган бўлса, баъзилари кредит олиб, умуман экспорт қилмаган.
Шунингдек, ўтган йили халқаро стандарт жорий қилиш ва сертификат олиш учун 4,5 миллиард сўм маблағ берилган 31 та корхона экспорт билан шуғулланмаган".
Экспорт агентлиги экспортчиларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ўрнига давлатдан берилган тайёр пулни йўналтирадиган “бухгалтер-кассир”га айланиб қолгани танқид қилинди.