Президент мактаби: Битирувчиларнинг 9 нафари 20 га яқин халқаро университетларга грант ютди
Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида 169 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 19 нафар маҳаллий ва 9 нафар хорижлик ўқитувчи дарс беради. Мактабда таҳсил олаётган 24 нафар битирувчи ўқувчиларнинг 9 нафари ҳозирданоқ 20 га яқин нуфузли халқаро хорижий олий ўқув юртида ўқиш ҳуқуқини берувчи грант ғолиби бўлган. Шунингдек, мактабнинг 8 нафар ўқувчиси халқаро олимпиада ҳамда 2 нафар ўқувчиси халқаро танлов ғолиблигини қўлга киритган.
11-синф ўқувчиси Анвар Ибодуллаев ана шундай иқтидорли ёшлардан бири. У IELTS имтиҳонларидан 7,5 балл ҳамда халқаро SAT имтиҳонларида 1440 балл олган.
- Ёшлигимдан иқтисод ва ахборот технологиялари соҳасига қизиқаман, - дейди Анвар. – Ўқишга ҳам шу йўналишдаги 20 та халқаро университетга ҳужжат топширдим. Ҳозирча АҚШ ва Британиядаги 7 та нуфузли университетда ўқиш учун грантни қўлга киритдим. Мақсадим, АҚШдаги New York University Shanghai университетида ўқиб, юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшиш.
Президент мактабида ўқув жараёни Кембриж университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режа ва дастурлар асосида инглиз тилида олиб борилмоқда. Дарслар хорижлик ва маҳаллий ўқитувчилар томонидан замонавий технологиялар асосида ноанъанавий усулда ўтиляпти.
- Ўқувчиларнинг билим олишга иштиёқи, интилиши жуда кучли ва мавзуларни тез ўзлаштиришади, - дейди инглиз тили фани ўқитувчиси, америкалик Доннелл Блак. – Чунки уларнинг нияти битта – фақат ўқиш. Қарийб икки йилдан буён дарс бериб, бунга амин бўлдим. Ўқувчиларга асосан реал ҳаётдаги мавзулар қизиқ ва улар кўпроқ жамоа бўлиб ишлашни яхши кўради. Улар билан муносабатимиз яхши, дарсдан ташқари тўгарак ўтамиз ва мавзуга тушунмаган бўлса, алоҳида тушунтириб берамиз.
- Президент мактабида ҳар бир синфда 12 нафардан ўқувчи таълим олиши менга ёқди, - дейди 11-синф ўқувчиси Шаҳризода Сирожиддинова. - Бу дарс жараёнида устозлар билан яқин мулоқотда бўлиш, фанга оид мавзуларни яхши ўзлаштиришга ёрдам бермоқда. Айниқса, ҳар бир машғулот хорижлик ва маҳаллий устозлар томонидан ўтказилаётгани фанларни мукаммал ўзлаштиришимизга имконият яратяпти ва самарасини ҳам бермоқда. Шу кунга қадар АҚШ, Янги Зеландия, Австралия ва Европадаги 30 та нуфузли халқаро университетга ҳужжат топширганман. Ҳозир АҚШдаги учта университетда ўқиш учун 200 минг долларлик грантни қўлга киритдим. Қолганларининг жавоби энди чиқади. Насиб қилса, АҚШдаги Colorado State Universityнинг муҳандислик йўналишида ўқиб, ривожланган мамлакатлар тажрибаларини Ўзбекистонда ҳам жорий қилмоқчиман.
Мактабда жорий ўқув йилида 11-синфни битираётган ўқувчиларнинг барчаси юқори кўрсаткич билан нуфузли халқаро таълим даргоҳларида ўқиш учун йўлланмаларни қўлга киритган. Уларнинг IELTS даражаси ўртача 7 балл бўлиб, ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириши, эришган ютуқ ва камчиликлари таҳлил қилиб борилмоқда.
- Ўқувчиларнинг фаолиятини таҳлил қилиш мақсадида психологик мониторинг тизими жорий қилинган, - дейди мактаб психологи Лобар Куралова. – Ўқувчиларнинг дарсни ўзлаштириши, кайфияти, ўзини тутиши, умуман фаолияти қизил, сариқ, яшил тоифада баҳоланиб борилади. Мисол учун, бу ерда иқтидорли болалар кўп. Шу боис, айрим ўқувчилар ўзларидан кучли болаларни кўрганда ўзига ишонч бироз камайиши мумкин. Бундай вазиятда ўзлаштириш даражаси юқори бўлган ўқувчилар билан ҳамкорликда ўзлаштириши паст тенгқурлари билан бирга дўстона ишлаймиз, иқтидорини янада ошириш, ўзига ишончини мустаҳкамлашга доир турли машқлар бажариб, ҳордиқ чиқаришларини тизимли ташкил қиламиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.