Президент Мурожаатномада маҳалла ва маънавият масалаларига алоҳида урғу берди
Ушбу дастурий ҳужжатда жамият тараққиётининг пойдевори сифатида инсон, унинг онги, дунёқараши ва маънавий камолоти биринчи ўринга қўйилди.
Мурожаатномада маҳалла жамият ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий институт сифатида эътироф этилди. Маҳалла нафақат аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, балки маънавий тарбия, оилавий қадриятларни асраш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтиришда ҳал қилувчи ўрин тутади. Президент таъбири билан айтганда, маҳалла — халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин ва ишончли кўприк.
Давлатимиз раҳбари маънавиятни юксалтириш масаласини маҳалла фаолияти билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқди. Айниқса, ёшлар тарбияси, уларни турли ёт ғоялардан асраш, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида вояга етказишда маҳалланинг масъулияти янада оширилиши таъкидланди. Шу боис, маҳаллада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтириш, маънавият масканлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш жараёнларида ҳам маҳалланинг ўрни алоҳида қайд этилди. Ҳар бир оила, ҳар бир инсон муаммосини маҳалла даражасида ўрганиш ва ҳал этиш орқали жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши давлат сиёсатининг инсонпарвар ва маънавиятга йўналтирилганлигини яққол намоён этди. Бу ташаббус маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга, уларда маънавий-маърифий муҳитни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Президентимиз таълим, тарбия ва маънавиятни бир-биридан ажралмас жараён сифатида талқин этар экан, маҳаллада мактаб, оила ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу эса баркамол авлодни тарбиялашда маҳалланинг ролини янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада маҳалла ва маънавият масалаларига берилган эътибор Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш орқали маҳалла ҳақиқий маънода маънавият ва инсонпарварлик масканига айланади. Бу эса жамият тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Мўтабар Йўлдошева,
вилоят Кенгаши депутати.