Президент қачон мурожаатнома йўллайди?
Янги йил арафасида ва шу кунларда ҳам қайси даврага бормай, кишилар аввало шундай савол беряпти? Йил қандай номлангани билан қизиқмоқда.
Бу бежиз эмас, албатта. Халқимиз йил якунида давлатимиз раҳбари томонидан парламентга мурожаат йўлланишига, йил сарҳисоб қилиниб, келгуси йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилишига ўрганиб қолди. Янги йилга қандай ном берилиши ҳам айнан ана шу мурожаатномада қайд этилмоқда.
Шунинг учун юртдошларимиз ҳар йили декабрь ойининг сўнгги кунларида Президент мурожаатномасини кутяпти, янги йил режаларини билишга қизиқмоқда.
Бу йил эса бу анъана бироз бошқача бўлди. Яъни, 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилиб, янги парламент, янги маҳаллий кенгашлар шакллантирилди. 2020 йилнинг дастлабки кунларидан юртимизда сиёсий жараёнлар бошланди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг ташкилий сессиялари ўтказилди, ҳокимлар тасдиқланди. Маҳаллий кенгашларнинг қўшма мажлислари ўтказилиб, Олий Мажлис Сенати аъзолари сайланди.
Куни кеча Олий Мажлик Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи йиғилишлари ўтказилди. Икки палатанинг илк мажлисида Президентимиз иштирок этиб, янги сайланган парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида турган вазифаларга эътибор қаратди. Депутатларнинг халқимиз ишончига муносиб бўлиши учун қандай ишлаши кераклиги тўғрисида сўз юритди. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишлари давомида яқин кунларда янги шаклланган парламентга мурожаатнома йўлланиши ва бу йилги мурожаатнома кўлами ва вазифалар қамрови жиҳатидан аввалги йиллардагидан тубдан фарқ қилишини таъкидлади.
Президент томонидан парламентга мурожаатнома йўллаш амалиёти мамлакатимиз тарихида илк бор 2017 йил 22 декабрь куни амалга оширилганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига эътибор қаратган эди. 2018 йил 28 декабрдаги мурожаатномада ҳам йил якунлари сарҳисоб қилиниб, 2019 йил учун вазифалар белгилаб берилди. Иккала мурожаатномада ҳам йил номлари (“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”) эълон қилинди.
Бу йил янги парламентга илк мурожаатномада нафақат 2020 йил, балки яқин беш йилликда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол ички ва ташқи сиёсат олиб бориш билан боғлиқ устувор вазифа ва мақсадлар белгилаб берилиши кутилмоқда. Ва, албатта, анъанага мувофиқ йилга ном берилади.
Бугун бутун халқимиз, жумладан, биз депутатлар ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномасини, унда қандай вазифалар белгилаб берилишини кутяпмиз. Шу вазифалар асосида биз ҳам ўз дастур ва режаларимизни ишлаб чиқамиз.
Давлат органлари, корхона ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва депутатлар, умуман, ҳар бир шахснинг ўз вазифа ва мақсадлари бор. Уларни бажариш учун барчамиз бурчлимиз ва кундалик фаолиятимизни шунга йўналтирамиз. Президент томонидан йўлланадиган мурожаатнома ва унда белгиланадиган вазифалар эса зиммамиздаги бурч ва масъулиятни янада теран ҳис қилиб фаолият олиб боришга, тараққиёт ва фаровонлик учун фидойилик билан меҳнат қилишга даъват этади.
Мурожаатномани кутишимиз, унга қизиқишимизнинг боиси шунда, деб ўйлайман.
Ўктам САИДМУРОДОВ,
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.