Президент: Сервисни ривожлантириш бўйича вазир ва ҳокимларда ёндашув ҳар хил, биргаликда ишлаш йўлга қўйилмаган

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги етти йилда аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра ўсгани натижасида аҳолида янгича хизмат ва сервис турларига талаб ортмоқда.
Шунга яраша вазирлар ва ҳокимлар талабга мос равишда хизматларни ривожлантириши кераклиги қайд этилди.
Масалан, Хоразмга 6 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ олиб келиш режа қилинган бўлсада, Хоразмга ҳафтасига 52 та авиарейс ва 23 та поезд қатновида ташилаётган йўловчилар йилига 800 мингдан ошмаяпти. Бухоро ва Самарқандга келган туристларнинг кўпчилиги Хивага авиарейс бўлмагани учун қайтиб кетаяпти.
Яна бир мисол, етти йилда хусусий клиникалар сони 3 карра ошди. Кўп клиникалар олиб келинган бренд тиббий ускуналарни рўйхатдан ўтказиш 6 ойгача чўзилаётганидан норози бўлиб, четдан келадиган ускуналарни соддалашган тартибда рўйхатдан ўтказиш таклифини беряпти.
Жойларда тиббий лаборатория очиш учун тадбиркорлар аккредитациядан ўтишга ойлаб вақт сарфлаяпти. Тўсиқлар жуда кўп. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир вилоятда 10 нафардан шундай тадбиркорлар бор. Улар 1 миллион доллардан пул тикиб, лаборатория очишга тайёр.