Президентдан сўраганларим
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 11 январь куни вилоятимизга ташриф буюриб, туман ва шаҳарларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар билан танишди. Шу куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ҳам ўтказилди. Видеоселектор тарзидаги мажлисда Ургут туманидан қатнашдим.
Давлатимиз раҳбари вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маърузасидан сўнг, анъанага кўра, туман, шаҳар студияларига мурожаат қилиб, кимда қандай масала борлигини сўради. Шунда мен ҳам сўзга чиқиб, ургутликларни ўйлантириб келаётган учта муаммони айтдим. Яъни, Ургутнинг аҳолиси кўплиги ва зич жойлашганини инобатга олиб туманимизда кўп қаватли уйлар қурилишида, шунингдек, ерларимизни суғориш учун фойдаланиладиган насос станцияларини таъмирлашда давлат томонидан ёрдам берилишини сўрадим.
Давлатимиз раҳбари эртагаёқ мутахассислар бориб, масалани ўрганиши ва албатта ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Ҳақиқатдан ҳам 12 январь куни мутасадди вазирлик ва идоралардан мутахассислар келиб, учта масала бўйича ҳам маълумот тўплади, ҳокимлик раҳбарияти, фермерлар, аҳоли билан суҳбатлашди ва муаммолар ҳал этилишини айтишган эди.
Куни кеча Президентимиз ташрифи якунлари ва сессия бўйича йиғилиш баёни билан танишдим. Унда жорий йилда бизнинг туманимизда ҳам ипотека кредити асосида кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши белгиланганини ўқидим.
Бундан ташқари йиғилиш баёнида шу йилнинг 1 июнигача “Уч қаҳрамон” насос станциясига 2 та “18 НДС” русумли насос ҳамда 2 та 250 кВт қувватли электр двигатель ва бошқарув шкафлари етказиб бериш, станцияни керакли миқдорда электр энергияси билан таъминлаш, “Янги Ургут” насос станцияси каналини таъмирлаш вазифаси белгиланган экан.
Бу халқпарвар Президентимизнинг ҳар бир фуқаронинг дарду ташвишлари, таклиф ва ташаббусларини тинглаши, уларга алоҳида эътибор қаратишининг яна бир далилидир.
Барно МАМАДАЛИЕВА,
Ургут туманидаги “Янгиариқ” агрофирмаси раҳбари.