Пробацияда рўйхатда турган фуқаролар “Ишга марҳамат” мономарказида ўқияпти

Ёшлар ўртасидаги муаммолар, хусусан, жиноятчиликнинг илдизи аксар ҳолларда ишсизликка бориб тақалади. Касб-кори, иши, даромади бўлмаган ёшлар ўз эҳтиёжлари учун пул топишнинг муқобил йўлларини излайди. Оқибатда эса жиноят йўлига киради.

Албатта, билиб-билмай нотўғри йўлларга кириб қолган ёшлар билан ҳам бугун тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилиб, касб-ҳунар марказларида ўқишга йўлланмалар бериляпти. 

Самарқанд шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан профилактик ҳисобда турган, вақтинча ишсиз бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта ўқитишга бағишланган пресс-тур ташкил қилинди. Пробацияда рўйхатда турган ишлаш истагида бўлган фуқаролар мономарказдаги касб-ҳунар мутахассисликлари, у ердаги ўқиш ва шароитлар билан танишди.

- Бу каби саёҳатлар пробация хизмати билан ҳамкорликда улар назоратида турган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиляпти, - дейди Самарқанд шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази мутахассиси Зайниддин Соҳибов. – Бирор малакавий касбга эга бўлмаган фуқароларни қизиқишига қараб касб-ҳунар масканида ўқишга йўлланма берамиз. Бу ерда қисқа муддатда мутахассисликка эга бўлади.

Вилоят бандлик бош бошқармасининг маълумотига кўра жорий йил пробация ҳисобида турган фуқаролардан ички ишлар бўлимлари ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари орқали  бандлиги таъминланганлар 735 нафарга етган. Бундан ташқари, муайян касбга эга бўлмаган 31 нафари “Ишга марҳамат” мономарказида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитилди. Келгуси йил пробация ҳисобида турганларни ишга жойлаштириш учун 311 та иш ўринлари захираси яратилди.

- Бугунги кунда пробация ҳисобида турган ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш ҳамда қайта ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни амалга ошириш, назоратдаги шахсларни меҳнатга жалб қилиш мақсадида касбга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси инспектори Нодир Каримов. - Жорий йилда 12 нафар назоратдаги шахс касб-ҳунар мактабларини битириб, сертификат олди. Яна 10 нафари ўзи қизиққан соҳада касб ўрганяпти. 

Ҳунар ўрганганидан сўнг уларга бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари таклиф қилинади. Аммо кўпинча таклиф қилинаётган ишларнинг маошидан қониқмаган фуқаролар ўзлари мустақил иш топиб, даромад топяпти.

- Ушбу марказда бундан аввалги кўргазмада қатнашиб, бухгалтерия соҳасида ўқишга қизиқиш билдирган эдим, - дейди Самарқанд шаҳар Муборак маҳалласида яшовчи Акмал Насимов. - Йўлланма асосида ўқиб, шу соҳада мутахассисликка эга бўлдим. Ҳозирда хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассислигим бўйича ишлаяпман.  

Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича бундай чора-тадбирлардан мақсад билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолган фуқароларни жамиятга қўшиш, уларнинг ҳалол йўл билан даромад топишларига шароит яратиш иборат.

Сулаймон Мардиев.