Пулларида таниқли шахслар ёки сиёсатчилар сурати бўлмаган давлатлар
Бу мақолада фақат халқаро стандартларга киритилган ва аксарияти бугунги кунда ҳам ишлатилиб келаётган қоғоз банкноталари тўғрисида сўз юритилади. Ҳамма банкноталар тасвирини ҳам фойдаланиш ҳуқуқисиз осонгина топиш мумкин эмас. Чунки миллий валюталар тасвири муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ва айрим мамлакатлар қонунчилигига кўра,улар суратларидан фойдаланиш тақиқланган.
Кўпинча пулларнинг олд томонида президентлар, қироллар, сиёсатчилар, шоирлар, файласуфлар ва бошқа намояндаларнинг портретлари (ёки уларнинг ёдгорликлари) туширилади. Умуман олганда, суратсиз бўлмаган замонавий пулларни топиш жуда қийин.
Масалан АҚШ долларини олсак. Бу валютани ҳақли равишда энг мутаасиб деб аташ мумкин. Негаки унинг ташқи кўриниши 1861 йилдан бери ўзгармаган. Унда ҳалигача уларнинг ҳаммаси ҳам сиёсатчи бўлмаган машҳур кишилар тасвирланган.
Бугун банкноталарнинг на олд, на орқа томонида машҳур шахслар сурати туширилмаган баъзи давлатларни танлаб олдик.
Замбия республикаси – Замбия “квача”си
Замбия пуллари яратилишида дизайн ҳақида умуман бош қотириб ўтирилмаган. 20 дан 50 000 квачагача бўлган барча номиналларнинг олд томонида дарахт шохидаги шанғибургут тасвирланган. Орқа томонида эса Озодлик ҳайкали жойлаштирилган. Замбияликлар назарида бу жуда рамзий кўринишга эга.
Озарбойжон “манат”и
Озарбойжоннинг 1 ва 5 манатлик банкноталарда чолғу асбоблари, китоблар, мадҳия сатрлари каби миллий белгилар тасвирланган. 10 манатида эски Боку манзараси, каттароқларида дубулға, қалқон, қилич ва мамлакатга хос архитектуралар тасвирлари туширилган. Банкноталар дизайни еврога ўхшаб кетади. Бу тасодиф эмас, чунки евро ҳам, манат ҳам бир шахс томонидан ишлаб чиқилган.
Белоруссия рубли
1999 йилгача Белоруссиянинг 1дан 100 рублигача бўлган банкноталарида қуён, олмахон, қундузлар, силовсин ва буғулар жавлон урган. Ўша пайтлар Белорусь валютаси норасмий равишда қуён дейилгани шундан келиб чиққан бўлса, ажабмас.
Замонавий банкноталарни Большой театр, Спорт саройи ва Республика касаба уюшмалари маданият саройи каби меъморий диққатга сазовор жойлар безайди.
Қувайт динори
Жанубий-Ғарбий Осиёдаги бу давлат банкнотлари ёрқин қизил, бинафша ва кўк рангларга бўялган. Олд томонида масжид ёки сарой каби диққатга сазовор жойлар тасвирланган. Қувайт катта нефть захираларига эга ва бу минерал давлат бюждетининг фойдали қисми ҳисобланиши туфайли 5 динорлик банкнотанинг орқа қисмида танкер ва нефтни қайта ишлаш заводи сурати “ёпиштирилган”.
Қизиғи, Қувайтда валютанинг энг кичик номинал қиймати 1/4 динор юритилади. Демак, касрий сонли пуллар ҳам бор экан.
Қозоғистон тенгеси
Барча номиналлардаги тасвирлар такрорланади: олд томонда – “учаётган кабутарлар” ёдгорлиги, орқа томонида – Қозоғистон республикаси харитасининг контури. Дизайн ўта замонавий кўринишга эга.
Бонус сифатида Европа Иттифоқида қўлланиладиган Евро тўғрисида кичкина маълумот.Барча банкноталар ранги ва ҳажми билан фарқланади. Лекин қизиқарлиси бу эмас.
Евронинг орқа томонидаги тасвирланган кўприклар умуман мавжуд эмас. Улар хаёлий ва шунчаки схематик чизмалардир.
Банкноталар чиқарилганидан сўнг Голландияда ушбу 7 кўприкларнинг ҳаммасини қуришга қарор қилинди.Тўғри, улар қисқартирилган ҳолатда қурилиб, шу билан бирга ажойиб пиёдалар ўтиш жойлари ҳосил бўлди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.