Қадимий самоварни ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолинди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари тарихий ва маданий бойликларнинг республикадан олиб чиқишга бўлган уринишни бартараф этишди.
Қўшни давлатга чиқиш учун “Яллама” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро М.Ф.нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, унинг сумкаси ичида божхона назоратидан яширилган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган қопқоғида "Фабрика Б.Г.Тейле Александр III Имп. Всеросс" ёзувлари бўлган, қиймати 5 000 000 сўмлик 1 дона қадимий самоварни яширинча олиб чиқаётгани аниқланди.
Давлат божхона қўмитаси хабар беришича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.