Қадрни йўқотган жамият келажагини йўқотади

Жамиятнинг тараққиёти, аввало, инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабати ва ҳурмат даражаси билан белгиланади. Инсон қадри улуғланган муҳитда адолат, меҳр-оқибат ва барқарорлик ҳукм суради.

Аксинча, инсон қадр-қиммати эътибордан четда қолган жамиятда ишончсизлик, бефарқлик ва маънавий таназзул кучаяди. Қадрни йўқотган жамият – келажагини йўқотади, деган фикр бежиз айтилмаган.

Агар жамиятда инсон фақатгина восита сифатида қаралса, унинг манфаатлари поймол қилинса, бу жамият аста-секин ўзининг ички таянчини йўқотади. Чунки жамиятни жамият қиладиган нарса — инсонларнинг ўзаро ишончи ва бирдамлигидир.

Бугунги кунда айрим ҳолларда моддий манфаатлар маънавий қадриятлардан устун қўйилаётгани кузатилади. Бу эса инсоний муносабатларнинг совуқлашишига олиб келади. Одамлар бир-бирига бефарқ бўлиб қолади, ҳурмат ўрнини манфаат эгаллайди. Натижада жамиятда адолат ҳисси сусаяди, ёш авлод нотўғри қадриятлар таъсирида улғаяди.

Яна бир муҳим жиҳат, инсон қадрини англашнинг оиладан бошланишидир. Агар оилада болага ҳурмат, эътибор ва меҳр берилса, у улғайгач бошқаларга ҳам шундай муносабатда бўлади. Аксинча, эътиборсизлик ва қўпол муомала кўрган бола келажакда жамият учун муаммо туғдириши мумкин. Демак, жамиятнинг эртанги куни бугунги тарбияга бевосита боғлиқ.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, инсон қадрини тиклаш ва мустаҳкамлаш фақат давлат ёки муайян ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимиздаги масъулиятимиздир. Оддийгина ҳурмат, яхши сўз, ёрдам қўлини чўзиш орқали ҳам биз жамиятда ижобий муҳит яратишга ҳисса қўша оламиз.

Руслан Бўтаев,
ЎзМУ Жиззах филиали доценти, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).