Қамоқхона камераларига 50 киши ўрнига 150 киши жойлаштирилган, маҳбуслар ўта хавфли жиноятчилар билан бир хонага қўйилган

Камерада ўн ой ўтирди. Ўн ой давомида ҳеч қандай айблов, тушунтириш йўқ. Фақат туриш ёки ўтириш, ҳаво йўқлигидан ярим нафас олиш мумкин бўлган камера. Буларнинг барчаси ёш ва бақувват Абдусалом учун қўрқинчли эмас эди. Аммо... Кунларнинг бирида дим камерага янги маҳбусни олиб киришди. Сочлари оқарган бу маҳбусни кўрганда Абдусаломнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У - ўзининг илмий маслаҳатчиси, профессор, Ўзбекистон миллий тарихчилар мактаби асосчиси Пўлат Солиев эди. Ўшандагина Абдусаломнинг юрагида адолат тантана қилишига заррача умид қолмади...

1908 йилда Самарқанд шаҳрининг Чорраҳа маҳалласида туғилган Абдусалом Акрамов илк сабоқни педагогика билим юрти мақомидаги интернатда олди. Ушбу интернат камбағал оилалар фарзандлари учун бўлиб, болалар бу ерда яшаб, ўқиган, уст-бош, овқат билан таъминланган. Уни тугатгач, ўқитувчи бўлиб ишлади.

Шу билан бирга у Маҳмудхўжа Беҳбудий очган мактабларда, Абдуқодир Шакурийнинг усули жадид мактабида таҳсил олди ва устозлари Шакурий, Раҳим Ҳошим, Вадуд Маҳмуд каби бу ишларни давом эттирди.

Ёш Абдусалом шундан сўнг жамиятнинг фаол аъзосига айлана бошлади. Дастлаб “бульвар” – бугунги Университет хиёбонидаги дарахтларни экишда, талабалар қўмитаси ташкил этишда, мусиқа тўгараклари фаолиятини йўлга қўйишда бош-қош бўлди. Чойхоналарда ёшларни билимга чорловчи кечалар ташкил этди ва шундан сўнг, 1924 йилда акаси Насим билан бирга саводсизликни тугатиш мактаби очиб, ёшларни ўқитди. Бу эзгу ишда Саидризо Ализода, Абдуқодир Шакурий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар маслаҳатига суянди, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб таъим сирларини ўзлаштирди.

Кейинчалик Москвада “рабфак” – рабочий факультетда таҳсил олди. Москвада ўқиш баробарида Тожик ваколатхонасида аввал таржимон, сўнгра махфий қисм бошлиғи ва масъул котиби лавозимларида меҳнат қилди. Саккиз тилни билгани учун Москвада ҳам бир муддат ишлайди. Шижоати, билими билан Ватанига хизмат қилишга бел боғлайди.

Бир қараганда унинг ҳаракатлари бирор нотўғри йўл йўқ эди, ҳатто қарашларида ҳам. Билим олиш ва уни одамларга сарфлашдай эзгу мақсадларни кўзлаганди у. Ваҳоланки, 1930 йилда ўқитувчилар малакасини ошириш институтида директор ўринбосари сифатида фаолият юритади. Бу орада ЎзДУ хориж тарихи бўйича таҳсил ҳам олади. 1932 йилда «Наркомпрос»нинг топшириғига асосан Тожикистон пединститутига ишга жўнатилади ва у ерда юзлаб ўқитувчиларнинг билимини бойитишга ҳисса қўшади. 1934 йилдан 1937 йилгача эса Самарқандда шаҳар халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб, бир пайтнинг ўзида институтда кечки сменада таҳсил оладиган талабаларга дарс берди. Аммо шундай кунларнинг бирида бу оила бошига қора булут соя солди. Қора булут ҳам гапми, тўсатдан келган довулдай хонадондаги кулгуларга чек қўйди.

 Машъум 1937 йилнинг 23 августи бу оила учун қора кундай хотирада сақланиб қолган. Ҳеч қандай сабаб ва тушунтиришларсиз оила бошлиғи, Абдусалом Акрамовни НКВД ходимлари уйга келиб, ҳибсга олишади. Унинг уйидаги барча китоб, қўлёзмалар, олиб кетилади. (Ачинарлиси, кейин Акрамов озодликка чиққач бу нодир ашёлар оилага қайтарилмайди. Улар орасида унинг олий таълим даргоҳида ўқиганлиги ҳақидаги диплом, меҳнат дафтарчалари ҳам бор эди).

Камерада ўн ой ўтирди. Ўн ой давомида ҳеч қандай айблов, тушунтириш йўқ. Фақат туриш ёки ўтириш, ҳаво йўқлигидан ярим нафас олиш мумкин бўлган камера. Буларнинг барчаси ёш ва бақувват Абдусалом учун қўрқинчли эмас эди. Аммо... Кунларнинг бирида дим камерага янги маҳбусни олиб киришди. Сочлари оқарган бу маҳбусни кўрганда Абдусаломнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У - ўзининг илмий маслаҳатчиси, ЎзМУ профессори, Ўзбекистон миллий тарихчилар мактаби асосчиси, Ўзбекистон тарихи бўйича кўплаб илмий мақолалар муаллифи, барча талабаларнинг севимли устози Пўлат Солиев эди. Ўшандагина Абдусаломнинг юрагида адолат тантана қилишига заррача ҳам умид қолмади. Ҳатто камерада ҳам устоз устозлигича қолди. У маҳбусларга Амир Темур, Улуғбек, у билан ёнма-ён ишлаган Вяткин ҳақида гапириб берар, Навоий достонларидан парчалар ўқирди. 1938 йилда "халқ душмани" профессор Пўлат Солиев отилди.

Бу орада Абдусаломнинг тақдири ҳал қилинди. Ўзбекистон ССР Олий судининг махсус коллегияси Абдусалом Акрамовни 10 йилга меҳнат лагерларида қамоқ жазосига ҳукм қилди. Маҳбус А.Акрамов Куйбишев вилоятига жўнатилди. Бу ерда “Безымянская ТЭЦ” қурилишида ишлади. Уруш. Маҳбуслар уч ҳафта давомида кетма-кет 24 соат саноат майдончасида турган Сталин вахтаси. Уруш йиллари қурилиш ҳарбий қисм назоратига ўтади ва маҳбусларнинг уларни урушга юбориш ҳақидаги аризаси рад этилади. Сабаби, ушбу объектлар фронт линиясининг муҳим қисмларидан бири этиб кўрсатилади. А.Акрамов шу тариқа фронт ортида, аммо урушдагилар сингари меҳнат қилади.

- Отам қатағон йилларидаги ҳаёти ҳақида кўп гапиришни истамас, биз, фарзандлари ҳам отамнинг кўнглини оғритмаслик учун бу ҳақда сўрамасдик, - дейди у кишининг қизи Лола Акрамова. – Кейинчалик онам баъзи-баъзи воқеаларни бизга айтиб берган. Жумладан, қамоқхонанинг 50 киши учун мўлжалланган камераларига 150 кишини жойлаштиришгани, турли жиноятчи, қотиллар билан бирга отам каби зиёли, айби фақат халққа зиё таратиш, алломаларимиз меросини ўрганган олимлар ҳам кўп бўлган экан. Камерадагиларга ажратилган жой шунчалик кичкина бўлганки, бири ухлаб олиши учун бир нечтаси тик туриб кутиб туришига тўғри келган. Бу ёқда қолган оиламизга ҳам кўп босимлар бўлгани ҳақида онамнинг йиғлаб айтиб берганлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди.

Айтишларича, отамни олиб кетишгач, энг яқин қўни-қўшнилар ҳам онам, бувим, яъни отамнинг оналари билан гаплашмай қўйган, уларни кўчада кўриб қолгудай бўлишса ҳам юз буриб кетиб қолишган экан. Бу ҳам ўша даврнинг мураккабликлари, одамларнинг ҳар шарпадан ҳам қўрқитиб қўйилганлиги оқибати бўлса керак. Кейин уруш йиллари бошланади. Нафақат «халқ душмани» деб топилган оила, балки бутун халқлар бошига кулфат солган, ҳеч бир оилани четлаб ўтмаган уруш йиллари бошланди.  Онам Самарқанддаги “Ҳужум” фабрикаси ишчиларининг болалари учун ташкил этилган боғчада ишлаб, оиласини бу беомон кунлардан омон асраб қолди. Бешта жонга берилган бир бўлаккина нон, ҳар куни ўнлаб, очликдан силласи қуриб, йўлларда нон сўраб вафот этган болаларнинг жасадини ортган аравалар, у ёки бу хонадондан тарқалаётган йиғи, фарёд овозлари… Онам буларни кўзёшсиз гапирмас, гапира туриб, ўша замонларга қайтгандай анча вақт индамай қоларди.

1947 йилнинг августи. Ёқимли, илиқ кун... Роппа-роса ўн йилдан сўнг Абдусалом оиласига қайтди. Унинг онаси ўғлини кута-кута дунёдан ўтди...

Қайтиб келганида уйи, боғини акаси олиб қўйган, рафиқаси, болалари эса онасининг уйида яшаётган экан. Ҳужжатлари олиб қўйилган, ишсиз, уйсиз, болалари оч…

«Оиламни олиб, Оқдарё туманига бориб, ерда меҳнат қилдик, - дея ёзиб қолдирган Абдусалом Акрамов ўз хотираларида. – Шу ерда бригадир сифатида ишлаб, янги боғ-роғлар барпо этдик, йўллар қурилишида қатнашдик. Аста-секин ҳаётни изга тушира бошлади».

А.Акрамов 22 йил интиқ кутган воқеа 1959 йил 10 октябрда рўй берди: Акрамов Абдусалом Ҳусайнович оқланди!

1964 йилда ҳужжатларини тиклагач, Абдусалом Акрамов Улуғбек расадхонасида сақловчи бўлиб ишлай бошлади.

Ўзининг устози Пўлат Солиев хотирасига буюк астрономнинг секстантини сақлаб қолиш, Василий Вяткиннинг қабри йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун у Москвага Мирзо Улуғбек музейини қуриш тўғрисида илтимосномалар ёза бошлади. Ниҳоят Абдусалом Ҳусайновичнинг қатъияти натижа берди: Москвадан комиссия келди. Мемориал қуришни бошлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Меҳнат лагеридаги оғир йиллар ўзини билдирди. Абдусалом Акрамов оғир касалликдан сўнг 1975 йил 23 апрелда ёруғ оламни тарк этди.

Бугунги кунда юртимизда тоталитар тузум даврида қатағон қилинган, Ватан мустақиллиги, халқимиз озодлиги учун курашда жасорат ва фидойилик кўрсатган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, фаолиятини ўрганиш ва меросини оммалаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ўйлаймизки, олимлар Абдусалом Акрамов ва ўша машъум йилларда халққа маърифат тарқатган, фидойилик кўрсатган инсонлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида чуқурроқ ўрганиш, изланишлар олиб боради. Зеро, ўз замонаси қурбонига айланган, ноҳақликлардан азият чекканлар хотираси тиклаш эзгу ишдир.

Умида Холбекова.