Маҳалла Темурийлар давлатининг таянчи бўлган
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув курсида “Темурийлар давлатидаги маҳаллалар қандай бўлган? Амир Темурнинг давлат бошқаруви” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.
Самарқанд давлат педагогика институти доценти Олмос Турсунова тингловчиларга Амир Темурнинг давлат бошқаруви тамойиллари, темурийлар давлатида маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Амир Темур барпо этган давлатда маҳалла тизими жадал ривожланган бўлиб, унинг ваколатлари анча кенгайтирилган. Бу даврда маҳалла раҳбари кадхудо деб аталган ва маҳаллий аҳоли томонидан сайланган. Унга катта ишонч билдирилиб, жамоат бошқарувида муҳим ваколатлар юклатилган.
“Темур тузуклари”да кадхудоларнинг вазифалари ҳақида шундай дейилади: "Улар деҳқонлар ва меҳнаткашларни рағбатлантириши, фақир ва муҳтожларга ғамхўрлик қилиши лозим". Бу эса ўша даврда маҳалла нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ва маънавий марказ сифатида фаолият юритганини кўрсатади. Шунингдек, маҳаллалар кўпинча касб-кор асосида шаклланган бўлиб, ҳунармандлар бир жойда яшаб, фаолият олиб борганлар.
Тадбир давомида “Темур тузуклари”даги давлат бошқарувига оид ғоялар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Амир Темурнинг инсонпарварлик, тотувлик ва “ягона макон” ғоялари бугунги кунда ҳам долзарб экани таъкидланди.
Ф.Ҳамдамов.