Қанча юртдошимиз хорижда меҳнат қилмоқда?

Жорий йилнинг 5 ойида жисмоний шахсларнинг хориждан пул ўтказмалари 4,19 миллиард АҚШ долларини ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизга кўп.

Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълумотга кўра, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари сони 2022 йилнинг 1 март ҳолатига 2 356 954 кишини, уларнинг 568,5 минг (24,1 фоизи) нафари хотин-қизларни, 827,1 минг (35,1 фоизи) нафари ёшларни ташкил этади.

Хориждаги ҳамюртларимизнинг 1,5 миллион нафари Россия, 366,3 минг нафари Қозоғистон, 144,7 минг нафари Туркия, 47,4 минг нафари Жанубий Корея ва 348,1 минг нафари бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келади.