Россияда ўзбекистонлик мигрантлар ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув бўйича расмий маълумот берилди
ОАВларда Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантлари ўртасида муштлашув юз бергани, уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича расмий маълумот тақдим этди.
Қайд этилишича, 2023 йил 16 ноябрь куни Москва шаҳрининг Свиблово туманида жойлашган "Афи Товер" кўп қаватли уй қурилиши майдонида 35-40 нафар фуқаро иштирокида жанжал юз берган.
Свиблово тумани ички ишлар бўлими маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган оммавий муштлашув ошхонага кириш учун навбатда турган ишчилар ва умумий навбатни четлаб ўтиб, ошхонага киришга уринганлар ўртасидаги оғзаки жанжал сабаб юз берган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иш қўзғатилиб, фуқароларнинг 6 нафари жиноий, 3 нафари мамлакатдан мажбурий чиқариб юбориш шаклида маъмурий, бошқалари ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани сабабли жарима шаклида маъмурий жавобгарликка тортилган.