Қандли диабетга қарши қандай курашиш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда қандли диабет касаллиги тобора яшариб бормоқда. Ҳозир Ер юзи аҳолисининг қарийб 7 фоизи ушбу дарддан азият чекяпти. Улардан жуда катта қисми хасталикнинг 2-турига чалинган.

Мутахассисларнинг хулоса қилишича, бу касалликни келтириб чиқарувчи омиллар орасида носоғлом турмуш тарзи асосий ўринни эгаллайди. Шу боис, 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни деб белгиланган.

Қандли диабетнинг 1-тури кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида тегишли даво чоралари кўрилиб, касаллик назоратга олинмаса, оғир асоратларни келтириб чиқаради.

Диабетнинг 2-тури эса олдини олиш мумкин бўлган хасталик. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, қонда қанд миқдорининг доимий назорати — скрининг, керак бўлса, тегишли дори воситалари орқали бу дардни енгиш мумкин.

Агар инсонда диабет олди ҳолатлари кузатилса, метформин препаратини қабул қилиш тавсия қилинади. Бундай вазиятда шифокор тавсияларига тўлиқ риоя этилса, стационар шароитида даволанишга ҳеч қандай эҳтиёж бўлмайди. 

Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрда ушлаб турилса, диабет асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин.

Шу сабабли аҳоли, аввало, патронаж ҳамшираси ва оилавий шифокор, қандли диабет билан касалланган беморлар эса эндокринолог назоратида бўлиши шарт. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, офталмолог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чоралари кўрилиши керак.

Президентимизнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, айни пайтда қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Қирқ ёшдан ошган аҳолини йилда камида бир маротаба мақсадли скринингдан ўтказиш тизими йўлга қўйиляпти. Сурункали эндокрин касалликларни даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмлари жорий этиляпти.

Бунда 2022–2024 йилларда юртимиз аҳолисига эндокринология ёрдамини кўрсатишни ривожлантириш дастури асосида олиб борилаётган ишлар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.