Қайси ҳудуднинг ўқувчилари экобилимдон?

Самарқанд шаҳрида умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ўртасида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 жамоа қатнашди.

Мазкур танлов жамиятда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш каби мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.

Жамоалар “Бу бизнинг ҳудуд”, “Интеллектуал ринг”, “Экология учун барчамиз масъулмиз!”, “Энг яхши экологик лойиҳа” шартлари бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент шаҳрининг "Табиат ҳимоячилари" жамоаси энг юқори балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Хоразм вилоятининг "Ёш экологлар" жамоаси, учинчи ўринни эса Қорақалпоғистон Республикасининг "Табиат дўстлари" жамоаси эгаллади.

- Мактабимизда чиқиндиларни тўплаб, қайта ишлаш орқали табиатни асраш ҳамда қўшимча даромад топишга қаратилган лойиҳани амалга оширяпмиз, - дейди Тошкент шаҳрининг "Табиат ҳимоячилари" жамоаси аъзоси Муҳаммадамин Комилов. - Ушбу лойиҳамизни бугунги танловда ҳам тақдим этдик. Танловда биринчи ўринни эгаллаганимиздан хурсандмиз. Келгусида танлов ғолиблиги учун берилган мукофот ҳисобидан мактабимиздаги ахборот технологияларига қизиқувчи ёшлар билан биргаликда Тошкент шаҳри ҳавосини аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда аниқ кўрсаткичларга эришишга қаратилган лойиҳани амалга оширишни мақсад қилганмиз.  

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, биринчи ўринни эгаллаган жамоа 15 миллион, иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа 10 миллион сўм ва учинчи ўрин соҳиби бўлган жамоа 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Танлов доирасида иштирокчилар “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси бўйича “Зарафшон” миллий табиат боғида “Ёш экологлар боғи” ташкил этилишида иштирок этди ва 600 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди.