"Qeshm Air" авиакомпанияси Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда

22 декабрдан Эроннинг "Qeshm Air" авиакомпанияси Теҳронни Ўзбекистоннинг икки шаҳри — Тошкент ва Самарқанд билан боғлайди.

Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида, жорий йил сентябрь ойида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Райисининг мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самарасидир. Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

22 декабрдан "Теҳрон — Тошкент — Олма-Ота-Теҳрон" ва "Теҳрон — Самарқанд — Теҳрон" йўналишларида тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар йўлга қўйилмоқда.

Парвозлар қулай "Airbus 320" самолётларида, дастлаб ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Кейинчалик, йўловчилар томонидан йўналиш ижобий қабул қилинса, рейслар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: 1993 йилда ташкил этилган "Qeshm Air" — штаб-квартираси Теҳронда жойлашган Эрон авиакомпанияси бўлиб, маҳаллий ва халқаро, шунингдек, чартер йўловчи рейсларини амалга оширади.