Қидирувда бўлган “Tracker” контейнерлар орасидан топилди

МИБ вилоят бошқармаси иш юритувига 2025 йил 11 август куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ижро варақасига асосан қарздор фуқарога нисбатан ижро ҳужжати келиб тушган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ундирувчи “Z.K.” сервис фойдасига 46 миллион 80 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш белгиланган.

Қарздор томонидан белгиланган ихтиёрий муддат мобайнида ижро ҳужжати талаблари бажарилмагани туфайли, амалдаги қонунчиликка асосан, унга тегишли бўлган “Tracker” русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинди.

Шундан сўнг, бошқарманинг қидирув шуъбаси ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор ҳаракатлар натижасида қарздорга тегишли “Tracker” русумли автотранспорт воситаси контейнерлар орасига яшириб қўйилганлиги аниқланди.

"Ҳозирда ушбу автотранспорт воситаси белгиланган тартибда вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди ва ижро ҳужжати ижросини таъминлаш бўйича белгиланган тартибдаги ҳаракатлар давом эттирилмоқда", дея хабар берди МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати.