Қирғизистон Олий суди Садир Жапаровни 2012 йилги жиноий иш юзасидан оқлади

Қирғизистон Олий суди 2012 йилдаги тартибсизликлар вақтида ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш жиноий иши бўйича айбланувчи, мамлакат президентлиги вазифасини бажарувчи Садир Жапаровни оқлади. Бу ҳақда 20 октябрь куни РИА Новости нашрига Қирғизистон Олий суди матбуот хизмати маълум қилди.

“Жиноят таркиби йўқлиги сабабли, Садир Жапаров судьялар ҳайъати томонидан оқланди”, деб таъкидлади матбуот хизмати вакили.

Унинг сўзларига кўра, Жапаров тарфадори, Қирғизистон Миллий хавфсизлиги давлат қўмитасининг янги раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам оқланган.

2012 йилда Бишкек марказий майдонида “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш учун намойиш бўлиб ўтди. Охир оқибат тинч ўтаётган намойиш парламентга бостириб киришга уриниш ва хавфсизлик хизматлари билан тўқнашувга айланиб кетди. Намойиш ташкилотчилари орасида кейинчалик ҳибсга олиниб, ҳукуматни эгаллаб олишда айбланган Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ҳам бор эди.