Қирқ нафар талаба халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди

Бу йил Самарқанд давлат чет тиллар институти Нарпай хорижий тиллар факультетининг биринчи қалдирғочлари мустақил ҳаётга қадам қўяди. Факультетга биринчи қабул қилинган 73 нафар талаба институтни битиради.

Битирувчи талабалар фақат ўқиш билан чекланмай, факультетнинг ўзига хос методикаси ва ўқитиш тизими ёрдамида илмий салоҳиятини ривожлантириб, жаҳон тилларини ўрганиш ва уларда эркин мулоқот қилишда катта муваффақиятларга эришдилар. Факультет битирувчилари жаҳон тиллари ва маданиятларини ўрганишда эришган ютуқлари билан алоҳида эътиборни тортмоқда. Шу вақтга қадар 40 нафардан ортиқ талаба ўз йўналиши бўйича халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритди.

Шунингдек, улар орасидан бир қанча талаба Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган "Ибрат фарзандлари" ва медиа-лагерларда турли тренинглар, семинарлар ва маҳорат дарсларида қатнашиб, медиа соҳасидаги етакчи мутахассислар билан тажриба алмашди. Улар ўзларининг чет тиллари бўйича билимларини нафақат институтда, балки жамиятда ҳам қўллаб, турли соҳаларда муваффақиятли фаолият юритишга тайёрланмоқда. Битирувчилар орасида турли мамлакатларда таҳсил олишни режалаштирганлар, халқаро компанияларда ишлашни мақсад қилган ва ўқитувчи сифатида фаолият бошлашни истаганлари ҳам бор. Талабаларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

Умида РЎЗИЕВА,

СамДЧТИ Нарпай хорижий тиллар факультети ўқитувчиси.