Қишлоқ мактаби ўқитувчиси рус тили бўйича сертификат олди
Ургут туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Абдурофи Хурсандов Россия халқлар дўстлиги университети рус тили институти томонидан ушбу тилини билиш даражаси бўйича ўтказилган танлов якунига кўра учинчи даражали (С-1) тил билиш сертификатини қўлга киритди.
Тажрибали ўқитувчи 48 йилдан буён мактабда ўқувчиларга рус тилидан сабоқ бериб келади.
– Устоз бизга ҳам ушбу фандан сабоқ берган, – дейди мактаб ўқув бўлими бошлиғи К.Бобомуродов. – Жуда бой тажрибага эга педагог, халқ таълими аълочиси. Пенсияда бўлишига қарамай, ҳали ҳам ўз устида ишлашдан, изланишдан чарчамайди. Дарс бериш билан бирга ёш ўқитувчиларимизга ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда.
Мазкур сертификат ўқитувчига ойлик маошининг 50 фоизи миқдорида устама беришга асос бўлади.