Қишлоқ хўжалигини экологизациялаш нима дегани?
Тупроғимиз тиллога тенг, еримизнинг ҳар қаричи бебаҳо. Чунки ер - ризқ-рўзимиз манбаи. Шунинг учун ердан тўғри ва оқилона фойдаланиш, саховатли заминимизга зиён етказмай, уни салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш барчамизнинг вазифамиз.
Афсуски, ерга бўлган муносабат, унинг унумдорлигини яхшилашдаги ишларимиз талаб даражасида эмас. Инсоният яшаш тарихи давомида 2 миллиард гектардан ортиқ унумдор майдонни яроқсиз ҳолга келтирган. Бундан ташқари, дунё миқёсида тупроқнинг шўрланиши, нураш ва унинг ташландиқ ҳолга келиши оқибатида ҳар йили 5-7 миллион гектар ер майдонидан фойдаланиш имконияти йўқолмоқда. Бундай ҳолатлар бизнинг ерларимизда ҳам рўй бермоқда. Тўғри, мамлакатимизда сўнгги чорак аср мобайнида ерга эгалик ҳисси кучайди, ундан самарали фойдаланиш, унумдорлигини ошириш ва хосса-хусусиятларини яхшилаш масалаларига жиддий эътибор берилмоқда. Лекин сув ва шамол таъсирида тупроқ эрозияга учраб, жойларда антропоген омилларнинг таъсири, ўрмонзорларни кесиш, чорва молларини нотўғри боқиш ва деҳ¬қончилик қонунларига амал қилмаслик ҳоллари юз бермоқда.
Қишлоқ хўжалигида чўлланиш жараёни ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Бунда кўчма қумлар, барханлар йўлини тўсиш, дала четлари ва террасалар ҳолида ихота дарахтзорларини барпо қилиш ишлари жуда суст бормоқда. Шунингдек, ҳосилдорликни ошириш мақсадида маъданли ўғитлар ва заҳарли моддалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмоқдаки, буларнинг барчаси атроф-муҳит, сув ҳавзалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунё¬сига, экологик мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Хўш, буларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Бундай экологик муаммоларни ҳал этишда қишлоқ хўжалигини экологизациялаш муҳим ҳисобланади. Агроценозларни табиий равишда бошқариш, ўсимликларнинг касаллик ва заруркунандаларга қарши биологик усулда курашиш, бир экин ўрнига кўп экинларни экишга ўтиш, экологик оқибатларни чуқур, ҳар томонлама ўрганиб, ердан фойдаланилса, секин-аста экологик мувозанат таъминланади.
Зубайдулла ИЗЗАТУЛЛАЕВ,
биология фанлари доктори.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.