Қиймати қадрланмаётган хазина

2022-2026 йилларда Самарқандда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш учун қиймати 310 миллиард сўмлик 21 та лойиҳани амалга ошириш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди. Дастур ижроси билан маҳсулот ҳажми 3,2 баробарга кўпайтирилади. Чармдан пойабзал ва чарм-атторлик, тайёр товарлар, шунингдек, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги бўшлиқларни тўлдириш орқали 2026 йилга бориб, тери саноатида ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Бунда тайёр чарм маҳсулотларини 2,3, пойабзал 2,8, импорт ўрнини босувчи бутловчи ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш 1,3 баробарга кўпаяди.

Бундан ташқари, Ургут ва Самарқанд туманларида чарм-пойабзал соҳасига ихтисослаштирилган кичик саноат зоналарини ишга тушириш режалаштирилган.

Бугунги кунда вилоятда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 132 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, мазкур корхоналар томонидан 246,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Уларнинг саноат умумий ҳажмидаги улуши 1,1 фоизни, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 0,4 фоизни ташкил этди.

2021 йилда 28 корхона томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Украина, Молдова, Озарбайжон ва Афғонистонга 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Корхоналар экспорт географиясини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш учун Россия, Туркия ва Молдова билан экспорт шартномалари устида иш олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ўтган йил тўққизта корхонада умумий қиймати 82,1 миллиард сўмлик 13 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 262 та янги иш ўрни яратилди.

Ургут туманида бугунги кунда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 66 та корхонада минга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 2021 йилда 133,8 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Тумандаги 19 та корхона томонидан 6,6 миллион долларлик чарм-пойабзал маҳсулотлари экспортга чиқарилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг саноатдаги улуши 7,8 фоизни ташкил этди. 2021 йилда умумий қиймати 82,1 миллиард сўмлик 13 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 262 та иш ўринлари яратилган. Жорий йилда қиймати 52,7 миллиард сўмлик 4 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши билан 150 дан ортиқ фуқаро иш ўрнига эга бўлади.

Тумандаги "Боғишамол" маҳалласида фаолият юритувчи "Пойабзал сервис Ургут" масъулияти чекланган жамияти энг йирик пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири. 2007 йилда ташкил этилган корхонада йилига ўртача 4,5 миллион жуфт 32 турдаги пойабзал  ишлаб чиқарилади.

– Чарм-пойабзал учун ишлатиладиган асосий хомашё полиуретан Хитой ва Туркиядан келтирилади, – дейди корхона бош ҳисобчиси Ҳамроқул Меликов. – Тайёр маҳсулотимизни асосан ички бозорда сотяпмиз. Ўтган йили корхонамиз томонидан Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистонга 1,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг биринчи чорагида экспорт 350 минг долларни ташкил этди. Келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ниятимиз бор. Сунъий чарм ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.

2022 йил 26 февралда давлатимиз раҳбарининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда қўшимча қийматга эга тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ва 2026  йилга бориб, экспортни 2,8 баробар оширишга қаратилган.

Уни амалга ошириш учун терини қайта ишлаш, шунингдек, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган кичик саноат зоналарини ташкил этиш, маблағ ажратиш, имтиёзлар бериш каби қатор ишлар режалаштирилган. Хусусан, вилоятимизда Самарқанд туманида 6 гектар, Ургут туманида 2,2 гектар майдонда кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Ҳужжатда якка тартибдаги тадбиркорлар тери хомашёсини йиғиш ва харид қилиш имкониятига эга бўлиши алоҳида белгилаб қўйилган. Аҳоли зич жойлашган маҳаллаларда қорамолларни сўйиш ва тери хомашёсини йиғиш бўйича кўчма хизматлар ташкил этилади.

Бахтиёр Мустанов.