Қиётда ҳаёт ўзгарди
"Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" мезонларини жорий этиш асосида Иштихон тумани Қиёт маҳалласида жорий йилнинг январь ойида бошланган ишлар якунига етди.
Шу муносабат билан бугун маҳаллада тадбир ташкил этилди. Унда ''Нуроний'' жамғармаси бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокимлиги ва 2-сектор раҳбари, прокуратура ходимлари, туман ҳокимлиги, маҳалла ва “Нуроний” жамғармаси вакиллари ва фаоллари иштирок этди.
Тадбир эрта тонгдан ''Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам'' шиори остидаги юриш марафони билан бошланди. Унда 3 мингдан зиёд аҳоли ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, Қиёт маҳалласи Иштихон туманининг ҳудудийлик жиҳатидан энг катта, ижтимоий-иқтисодий шароити оғир тоифадаги ҳудуди ҳисобланиб, майдони 224 гектарни ташкил этади. Бу ерда 9 та қишлоқ бўлиб, кўчалари сони 35 та. Маҳаллада 1163 та хонадон, 1285 та оила бор, уларда 6330 нафар аҳоли истиқомат қилади.
- “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш йўналишидаги ишлар натижасида ўта оғир шароитда яшовчи, эҳтиёжманд тоифадаги 13 нафар оиланинг турар-жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилди, - дейди вилоят Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. - 622 та таъмирга муҳтож хонадон таъмирдан чиқарилиб, ободонлаштирилди. 370 дан ортиқ хонадонни электр энергияси, сув, газ баллони билан таъминлаш, интернет тармоғига улаш, чиқиндини олиб кетиш билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинди.
Маҳалланинг Қиёт, Хўжалар, Мевали-1, Мевали-2, Дўрмон, Бойлар, Чиноқ-1, Чиноқ-2 ва Тоғойкўл қишлоқларида яшовчи 752 та хонадон томорқаси фермерлар ва ҳомийлар кўмагида шудгорланиб, баҳорги экинлар экилди.
Тадбирлар давомида маҳалладаги барча хонадонда ёнғинга қарши хавфсизлик ҳолатлари ўрганилди, 998 та хонадонда дезинфекция ишлари олиб борилди ҳамда 762 дан ортиқ йирик шохли ва бошқа турдаги уй ҳайвонлари дезинфекция қилиниб, юқумли касалликларга қарши эмланди.
Маҳалладаги 2 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 16 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 36 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 71 нафар фуқаронинг ўзини-ўзи банд қилиши, 17 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ёрдам кўрсатилди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида 2851 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 24 нафар фуқарога даволаниш учун вилоят шифохоналарига ордер берилди, 11 нафар фуқарога реабилитация-техник воситалари етказилиб, 1675 нафар фуқарога бепул дори-дармон тарқатилди.
Аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Жумладан, 20 нафар ижтимоий дафтарларда турган фуқарога 108 млн. сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди, 10 нафар фуқарога банк кредити олишда кўмаклашилди, 17 нафар шахсга 106 млн. сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди.
“Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этилиши натижасида маҳалла ҳудудидаги ички кўчаларнинг 7,0 километр қисми асфальт қопламаси билан таъмирланди 2,7 километр қисмига асфальт ётқизилди, 35,2 км. ички тупроқ йўлларга қум-шағал тўшалди, 5 та қабристонда ободонлаштириш ишлари ташкил этилди, 3,9 км. ариқ-зовурлар тозаланди, 1,7 км. узунликдаги пиёдалар йўлаги барпо этилди. Бундан ташқари, 5 та трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, 14 та трансформатор капитал таъмирланди, 14,1 км. СИП кабеллар тортилди, 2,8 км. узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 510 та янги темир-бетон устунлари ўрнатилди, маҳалла ҳудудининг асосий кўчалари 100 та тунги ёритиш чироқлари билан таъминланди.
Маҳаллада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва қурилиш ишлари давомида ҳомийлик ва ҳашар йўли билан икки қаватли 5 та хонадан иборат замонавий маҳалла биноси барпо этилиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди, бинонинг 2-қаватида хотин-қизлар учун тикувчилик цехининг фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалла аҳолиси учун 9 та янги “Workout” спорт майдончалари ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли, айниқса ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун маҳалладаги футбол майдони таъмирланиб, қарийб 1200 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди.
Қиёт қишлоғидаги эски оилавий шифокорлик пункти қайта таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган “Зарафшон” оилавий шифокорлик пункти ҳамда тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил қилинди. Бундан ташқари, эркаклар сартарошхонаси, аёллар гўзаллик салони, 3 та автобекат, 4 та озиқ-овқат дўкони, "Оталар чойхонаси", дорихона ҳамда 3 та бошқа турдаги савдо марказлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбир давомида “Уч авлод учрашуви”, “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Мен ёш китобхонман” лойиҳалари ва турли спорт мусобақалари ташкил этилди. Маҳалладаги қурилиш-ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган қурувчи ва бунёдкорларга эсдалик совғалари топширилди. “Энг обод хонадон”, “Энг обод кўча” танловлари ғолиблари муносиб тақдирланди.