Қизингиз жангари эмасми?

Кечки пайт мактаб яқинидаги пастқам кўчалардан бирида жанжал бўлган. Гувоҳ бўлганларнинг  айтишича, ораларида “каратэчи”лари ҳам бор экан. Дастлаб машқ қилишяпти, деб ўйлашган. Кейин қарашсаки, аҳвол жиддий. Йўлдан ўтаётганлар уларни ажратиб олишган. Бунинг  ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Тўғрими? Шу ерда адашдингиз. “Тепишаётганлар” йигитлар эмас,  қизлар бўлган. Ҳайрон қолдингизми?   

Бу иш  юзасидан мактабларда  шошилинч ота-оналар йиғилишлари бўлиб ўтди. Воқеа батафсил ўрганилди. Жанжаллашган икки мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари суҳбатга чақирилган, юзлаштирилган. Сабабини эшитсангиз, ҳайратингиз ортади. Нима эмиш, бир мактаб ўқувчиси бошқа мактабда ўқийдиган қизни ёқтириб қолибди. “Ташлаб кетилган” қиз эса “рақиба”сини дарҳол “жангга чорлаган”.

Замон тескари айланяптими? Қизлар–а! Яқинда қўшним мақтаниб қолди. Қизи синф раҳбарини боплаб мот қилганмиш. Устози ҳадеб “Имтиҳонларга формада кел, сочингни йиғиштир” деявергач, “Ўзингиз замондан ортда қолгансиз. 4 йилдан бери битта сумка ишлатасиз, салон нималигини билмайсиз, қўл телефонингиз ҳам отамдан қолган” дебди юзига. “Ҳозирги замонда одам тилли-жағли бўлгани яхши-да, оғзидагини олдирмайди, бу томондан қизим менга тортган” дейди у ғурурланиб. Ана холос! Бунисига нима дейсиз энди?

Фарзандларимиз қачон бунчалик беандиша, бетгачопар бўлиб қолишди?  Ўқитувчи билан ўқувчи ўртасидаги нозик парда  қаёққа йўқолди? Ўсмир ёшдаги ўқувчисини  тартибга чақирмоқчи бўлган ўқитувчининг айби нимада? Ўз устозини синфдошлари олдида беҳурмат қилган қиз эртага бу қилиғини ота-онасига ҳам такрорламайди, деб ким кафолат бера оларди? Қолаверса, қиз боланинг мулойим, камтар, одобли бўлганига нима етсин! Вақти келиб келин бўлиши бор. Шартаки, эркакшода, “йиқилиб қолгунча ҳаққини талаб қиладиган”  жангари келин кимга керак? Шуларни  қўшнимга айтганимда, парво ҳам қилмади.

- 30 йиллик иш фаолиятим давомида болаларнинг руҳияти билан боғлиқ турли масалаларни ўрганишга тўғри келган, - дейди психолог  Г.Шодмонова. Бошланғич синфларда болаларнинг ота-онаси билан алоқа қилиш осонроқ. Ота-оналар мажлисларга келиб туришади, болаларининг  ўқиши, ҳулқи  билан қизиқишади. Юқори синфларда  эса,  аксинча. Уларни топиш қийин. Болаларига айни керак пайтда йўқолиб қолишади, ота-оналар!

Юқори синфларда ўғил болалардан кўра, қизларнинг тарбияси билан шуғулланиш оғирроқ. Қизлар ҳам жисмонан, ҳам руҳан эртароқ вояга етади.  Энг  аълочи,  энг намунали ўқувчиларнинг хулқида ҳам ғалати бурилишлар содир бўлади. Бу уларнинг юриш туришида, атрофдагилар билан  муомаласида, қилаётган ишларида яққол сезилади. Агар шу вазиятда ота-оналар, устозлар ва уларнинг бошқа яқинлари ҳушёр туришса, ўсмирларнинг бу “қизиққонликлари” яхши томонга  йўналтирилса, олам гулистон.

Айбни интернетга, мобил телефонларга (телевизор дейиш эскирди!) юклашга одатланганмиз! Албатта, улар бизнинг ўрнимизга болаларимизни “тарбиялаяпти”. Тан олиш керак, ўзимиз вақт топмагач, улар фарзандларимизга “эга чиқмоқда!”

Бу жуда оғриқли!

 Илгарилари болалигимизда “қулоқсиз” ўқувчиларни жазолашнинг  турли усуллари бўларди. “Бурчакка тескари турғазиш”,  “стулни  кўтартириб қўйиш”, “ синфдан чиқариб юбориш” ва ҳоказо. Аммо буларнинг ҳеч бири қизларга нисбатан қўлланилмасди. Юқори синфларда мунтазам  “Қизлар мажлислари” бўлиб  турарди. Бугун-чи?  Уларнинг тарбияси эътибордан четда қолмаяптими?

Дарвоқе, сизнинг ҳам  ўсмир қизингиз борми? Уни бироз кузатинг,  вақтингизни қизғанманг. Қизиқишларига эътибор берсангиз, юқоридаги фикрлар  нечоғлик  ҳақиқат  эканига  амин бўласиз.

Гулчеҳра Бердиёрова.