Қўшработга замонавий тракторлар келтирилди
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев Президентимизнинг қишлоқ хўжалик соҳасига қаратаётган эътибори замирида чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг турмушини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш омили мужассам эканлигини таъкидлади.
– Туманимизда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп, – дейди тумандаги "Порлоқ қорабоғ" фермер хўжалиги раҳбари Р.Очилов. – Яқинда вилоятимизга ташриф буюрган мамлакатимиз раҳбари бу имкониятларни ишга солиб, экспортбоп мевалар етиштиришни бизга вазифа қилиб бердилар. Аммо бу ишни амалга оширишимиз учун туманимизда қишлоқ хўжалик техникалари етишмасди. Мана, у кишининг таклифи ва ташаббуси билан машина-трактор паркимиз замонавий техникаларга эга бўлди. Биз, фермерлар эндиликда ушбу техникалардан ижара-шартнома асосида фойдаланиб, туманимизнинг мавжуд салоҳиятини юзага чиқаришимиз мумкин.
Тадбир давомида туман фермер ва деҳқон хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликка айлантириш, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳамда маҳсулотларни экспортга жалб қилиш юзасидан фикрлашиб олинди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.