"Қоғозбозликни йўқ кўргали кўзим"

Шоир ўша – бизга анча узоқ бўлган йилларда ҳам маҳкамалардаги қоғозбозлик ва бюрократизмни аёвсиз қоралаган. Оддий ишларни битказиш учун одамларни овораю сарсон қилган қоғоз ортидан иш кўрувчи тўраларни "кўргани кўзим йўқ" деган. Бундай ҳолатлар йиллар оша яқин-яқингача ҳаётимизга суқилиб кириб келганлиги, кундалик турмушимизнинг бир "безаги" бўлиб қолганлиги кечагидай ёдимизда.

– Қоғозбозлик узоқ йиллар давомида бизнинг оёғимизга солинган тушов бўлди, – дейди фахрий ўқитувчилардан бири. – Биз иш юритишдан қоғозбозликка кўмилиб қолгандик. Бунинг сабаби оддий эди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган исталган ўқитувчининг юритаётган дафтар-журналларидан камчилик топиш мумкин эди-да. Масалан, синф журнали, синф раҳбари папкаси, синф раҳбари журнали, синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари, ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати, ота-она билан ишлаш дафтари, дарс конспекти, йиллик режа, педагогик соат, дарс таҳлили, фанга оид кўргазмалар, паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режаси ва дафтари…

Санайверсак, у ёғига нафас ҳам етмайди. Бундай "папка"лар келган текширувчилар учун қулай эди. Келади, йиллик юкламангизни олади. Хоҳлаган пайтда камчилик топади. Бироқ бундай юкламани кўтариш учун ўқитувчига қанча куч ва бардош керак эди. Бундан икки йил олдин вазирликнинг буйруғи билан ўқитувчилар учун 6 та асосий иш ҳужжати санаб ўтилди. Ҳар ҳолда, педагоглар учун ажойиб ўзгариш бўлди. Бу буйруқ чиққанига икки йил ўтган бўлса ҳам молиявий комиссиялар турли ҳисоботларни сўрашда давом этаётганлиги ажабланарли.

Қоғозбозликнинг худди шундай шаклини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқув даргоҳларида ҳам кўриш мумкинлигини билдиришмоқда ўқитувчилар. Бу даргоҳларда ҳам қатор-қатор журналлар, кундаликлар тутилар эканки, уларни тўлдириб бориш ўқитувчилар учун оғир муаммо бўлмоқда. Яъни, тақвимий мавзулар режаси учун журнал, ҳисобот журнали, гуруҳ журнали, якка тартибдаги дарслар журнали, ўзаро дарслар таҳлили журнали, гуруҳлар учун катта журнал ва ҳоказо. Ачинарлиси, бу журналларни айрим ҳолларда ўқитувчиларнинг ўзлари сотиб олишларига тўғри келмоқда. Очиғи, бунга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан киши. Айтайлик, 100-250 та жамоаси бор ўқув юртидаги ҳар бир педагогга 10-15 тадан журнал кераклигини назарда тутсак, бу озмунча пул бўладими? Хўш, унда ўқитувчилар бу маблағни қаердан ва кимдан олади?

Ваҳоланки, давлатимиз умумтаълим муассасалари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштириш, уларни барча ўқув воситалари, озиқ-овқат билан таъминлаш, товар моддий захиралари, юмшоқ жиҳозлар билан тўлдириш чора-тадбирларини йилдан-йилга кучайтирмоқда. Вилоят молия бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йилда халқ таълими учун вилоят бюджетидан 1 триллион 401 миллиард 975 миллион сўм, ўрта махсус касб-ҳунар таълими учун республика бюджетидан 341 миллиард 691 миллион сўм маблағ ажратилган.

Шунинг ичида товар моддий захиралар учун етарли миқдорда маблағ ҳам бор. Энди савол туғилади. Етарли даражада пул-маблағ бўла туриб, айрим ўқув муассасаларида журналларни сотиш ёки ўқитувчиларга "топиб келасан" дейишга қайси раҳбарнинг виждони йўл қўяяпти экан?

Сўзимизнинг аввалида қоғозбозлик, унинг оқибати хусусида фикр билдирдик. Ҳар иккала масала ҳам айнан бизга якдил маънони англатади. Мақсад фарзандларимизни комил инсон руҳида тарбиялашда ўқитувчи-педагоглар мавқеини ошириш, шарафли меҳнатининг қадрига етишдир. Шундай қилайликки, буюк шоирнинг тарихий шеъри биз учун мозийда қолсин.

Адҳам ҲАЙИТОВ.