“Қўғирчоқ театрини томоша қилмай катта бўлганмиз”
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги ёшлар фестивали бугун Нарпай туманида давом этяпти.
Эрта тонгдан “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” юриш марафони билан бошланган тадбирлар турли маданий-маърифий кечалар, танлов ва мусобақалар, турли кўргазмалар билан давом этди. Туман марказидаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабида қўғирчоқ театри томошалари намойиш этилди.
- Нарпайнинг Пахтачи тумани билан чегара ҳудудида жойлашган Умид маҳалласида яшаймиз, - дейди Тожинор ая Қурбонова. – Набираларим билан бирга бугун туман марказида ўтказилаётган ёшлар фестивали тадбирларини томоша қилиш учун келдик. Болажонлар учун қўғирчоқ театри намойиши жажжи фарзандларимизда катта таассурот қолдирди. Биз қўғирчоқ театрини фақат телевизорда томоша қилганмиз. Шаҳарга боришнинг имкони бўлмаган. Бугун невараларимиз учун шаҳардан актёрлар биз яшайдиган ҳудудга келиб, театр томошаларини намойиш этяпти. Қўғирчоқ театрларини жонли томоша қилишнинг гашти бошқача. Унинг болалар тарбиясида ўрни алоҳида.