Қоидаларни қўпол равишда бузиб ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди

Кеча каналимизда “Булар кимларнинг эркатойи” сарлавҳаси билан эълон қилинган лавҳада хавфли манёврлар қилган, қарама-қарши ҳаракатланган ва бошқа қўпол қоидабузарликлар содир этган автомобиль ҳайдовчиларига эътибор қаратилганди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ўтказилган. Қоидабузарга тегишли тартибда чора кўрилган.

“Ижтимоий тармоқда "Ласетти" русумли, 30Г002ВА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси хавфли манёврлар билан қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонга ўтиб ҳаракатланганлиги, шунингдек, автомобилига рухсат этилмаган махсус ёритувчи қурилма (мигалка) ўрнатилганлиги акс этган видео тарқалди ва кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

Қоидаларни қўпол тарзда четлаб ўтган "Ласетти" русумли, 30Г002ВА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси, 2001 йилда туғилган Ш.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127, 128⁵, 135-моддалари тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилди”, дейилади ЙҲХБ хабарида.