Қон бер - дунёга ҳаёт бахшида эт!
Вилоят қон қуйиш марказида 14 июнь - Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан шу шиор остида тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Қизил ярим ой халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими вакиллари иштирок этган ушбу донорлар слёти қатнашчилари Бутунжаҳон донорлар куни, беғараз донорликнинг аҳамияти, мазкур ҳаракат туфайли минглаб қонга муҳтож бўлган инсонлар ҳаётини сақлаб қолинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
- Дунёнинг 70 та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади, - дейди вилоят қон қуйиш маркази директори Рофе Алиев. – Кейинги йилларда вилоятимизда ҳам донорлар сафи ошиб бормоқда. Уч йил илгари йилига 13 мингта қон захираси тўпланган бўлса, бугунга кунга келиб уларнинг сони 27 мингга етди. Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлигини сақлашга ҳам эришади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан қон таркибий қисмлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ҳар 1000 аҳолига нисбатан 40-60 нафар киши қон топшириши керак бўлади. Аммо юртимизда қон топширишлар сони 4,8 нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, тадбирда вилоятимизда истиқомат қилаётган 4 нафар донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланди.
- Ҳар куни юзлаб инсонлар донорлар қонига эҳтиёж сезади, - дейди «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони соҳиби Собир Орипов. – Донорлик одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир. Ўзим ҳам шу пайтгача беғараз донор сифатида 46 марта қон топширганман. Мен бу ишимдан, беморларга янги хаёт бахш этаётганимдан фахрланаман. Бошқаларни ҳам донорлар ҳаракатига қўшилишга чақираман.
Донорлик ҳаракатида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаол донорлар муносиб рағбатлантирилди.
Дилмурод Тўхтаев.