Қон ранги яшил бўлиши мумкинми?

Одатдаги қоннинг қизил ранги гемоглобин - кислород ташувчи пигмент туфайли юзага келади. Табиатда кўплаб умуртқасиз ҳайвонлар кислородни ташиш учун гемоглобинни эмас, балки турли металларнинг ионларидан ташкил топган бошқа “ишчи соҳа” пигментларидан фойдаланишади. Хусусан, кўплаб моллюскалар, бўғимоёқлилар ва бошқа баъзи ҳайвонларнинг қонида мис ионига эга пигмент - гемоцианин мавжуд. Кўпинча, бу бирикма қонни кўк рангга айлантиради, баъзилари, масалан, қисқичбақасимон балиқларнинг қони кўк-яшил рангга эга.

Камбоджада топилган қурбақа турларидан бирининг ҳам қони яшил. Бу биливердин пигменти билан боғлиқ. Биливердин жигарда (шу жумладан одамларда) гемоглобин парчаланиши натижасида ҳосил бўлади ва сафрога айнан у яшил рангни беради. Бироқ, биздан фарқли ўлароқ, қурбақа танасидаги сафро ичак орқали чиқарилмасдан, қайтиб қонига киради.

“Chiromantis samkosensis” қурбақасининг шаффоф териси орқали оқиб турган яшил қони кўриниб туради. Бу ранг унга чакалакзорларда кўринмас бўлиш имконини беради.

Одамларда ҳам яшил қон бўлган ҳолатлар кузатилган. Бу жуда камдан-кам ҳолларда, қондаги олтингугурт бирикмалари ошиб кетганда (масалан, ушбу элементни ўз ичига олган дориларни суиистеъмол қилиш натижасида)  содир бўлади. Олтингугурт гемоглобин билан осонгина боғланиб, сульфогемоглобин бирикмасини ҳосил қилади ва инсон қонига авокадо териси каби қуюқ яшил рангни беради. Қоида тариқасида, бу “муаммо” яшил қон эгаларини безовта қилмайди.

2007 йилда 42 ёшли канадаликни операция қилган жарроҳлар беморнинг қони тўқ яшил рангда эканлигини кўриб, ҳайратга тушишган. Ажабланган шифокорлар дарҳол уни таҳлилга юборишади. Тадқиқот эркакдаги қон рангининг ўзгариши сульфгемоглобинемия туфайли юзага келганлигинии кўрсатади.

 Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.