«Қўнғирот» қишлоқ врачлик пункти усти ялтироқ, ичи...
Иштихон туманида 7 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган собиқ “Қўнғирот” ҚВПга қарашли бугунги кунда шифокорлар уйи сифатида қолдирилган бино ўн йилдан буён авария ҳолатида. 7 хонадан иборат бинонинг деворлари нурай бошлаганига 2 йил бўлган. Битта хона девори кўча томондан буткул қулаб тушган. Бинога туташ жойда янада ачинарли ҳолда шифокорлар уйига қарашли эски, фойдаланилмайдиган иморат ҳам бор.
Тиббиёт пункти янгидан таъмирланган бўлса-да рангланган деворлар нураб тушиб, бинонинг эскилигини яшира олмай қолган.
- Бир йилда уч мартагача таъмирлаймиз, аммо фойдаси йўқ, - дейди бош шифокор Асомиддин Ҳамроев. – Сабаби, бино 1970 йилда қурилган ва дала шийпони бўлган. Ёнидаги фойдаланилмайдиган бино тиббиёт пункти эди. Кейинроқ дала шийпони боғчага берилди. 1992 йилда боғча биноси қишлоқ врачлик пункти тасарруфига ўтди.
2017 йилда ҚВП оптималлаштирилгач, бино шифокорлар уйи сифатида сақланиб қолинди. Аҳоли туман марказидаги кўп тармоқли марказий поликлиникага бириктирилди. Оралиқ масофа 15 километрни ташкил этгани учун шифокорлар уйида 6 нафар патронаж ҳамшира аҳолига биринчи ёрдам кўрсатади. Бинонинг бир хонаси доимий яшаш учун бош шифокорга берилган. Қолган тиббиёт хоналари хизмат кўрсатиш учун жиҳозланган. Афсуски, эски бинодаги тиббиёт асбоб-ускуналари ҳам замон талабларига жавоб бермайди. Ҳатто кириш йўлагидаги навбатчи ҳамширанинг қўлида тана ҳароратини контактсиз тарзда текширувчи замонавий термометр йўқ.
- Рост, ўнта қишлоқ аҳолисига хизмат қиладиган шифокорлар уйи авария ҳолатига келганига анча бўлган, - дейди туман марказий шифохонаси иқтисодий ва умумий масалалар бўйича бош шифокор ўринбосари Баҳодир Норжигитов. – Биз бу ҳақда тегишли ташкилот раҳбарларини огоҳлантирганмиз. Мана, яқинда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш давомида бу муаммо яна ўртага ташланди. Бинони қайта қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди, насиб этса, иш бошланади…
Ишчи гуруҳ хулосасидан сўнг, тегишли соҳа мутахассислари томонидан бинонинг яроқлилиги ҳолати техник кўрикдан ўтказилди. Техник кўрик натижалари юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур бинонинг жойидан эмлаш пункти қуриш бўйича 750,0 миллион сўмлик лойиҳа-сметаси ишлаб чиқди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 22 майдаги қарорига асосан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, Иштихон тумани ҳокимлиги маҳаллий бюджети ҳисобидан жорий йилнинг 1 сентябригача бинони реконструкция қилиш ишлари белгиланди. Аммо ҳанузгача шифокорлар уйида реконструкция ишлари бошлангани йўқ.
Бугунги пандемия шароитида ўнта қишлоқ аҳолисига хизмат қиладиган тиббиёт пункти яроқсиз аҳволда бўлса, беморлар сарсон бўлиб 15 километр узоқликдаги туман кўп тармоқли поликлиникасига борадими? Ҳам куннинг иссиғи, ҳам карантин сабаб кўчадаги ҳаракатланишнинг чеклангани беморларга ноқулайликлар туғдирмайдими?
Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
"Зарафшон" мухбирлари.