Қонунга амал қилган тадбиркорга имтиёз, қилмаганига санкция қўлланилади
Бу ҳақда Самарқандда сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Аҳмеджонов маълум қилди.
— Президентимизнинг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорларга яна бир қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда, — дейди Ф.Аҳмеджонов. — Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан 2025 йилнинг 1 январига қадар ҳужжатда кўрсатилган фаолият турини олиб борувчи барча тадбиркорлик субъектларига ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Бироқ бунинг ўз шарти бор. Яъни, тадбиркорнинг бу йўналишдан олган даромади жорий ҳисобот якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этиши ҳамда унда меҳнат қилувчи барча ходимлар билан қонуний меҳнат шартномаси тузилган бўлиши керак.
Агар тадбиркорлик субъектида ходимлар сонини яшириш ҳолати аниқланса, мазкур солиқ имтиёзи тўхтатилиб, унинг фаолиятига молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланган. Шунингдек, 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо комплекслари учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаларини 90 фоизга камайтириб тўлаши мумкин бўлади.
Таъкидланишича, бу чора-тадбирлар тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш баробарида, соҳада яширин иқтисодиётни қисқартириш, жараёнда ижтимоий назоратни янада оширишга хизмат қилади.
Айни йўналишда солиқ хизматининг яна бир лойиҳаси — истеъмолчига харид суммасидан 1 фоиз миқдорда кешбэк қайтариш механизми ҳам юқори самара беряпти. Хусусан, вилоятимизда лойиҳа кучга киргач, истеъмолчилар томонидан харид чекини талаб қилиб олиш икки-уч баробарга, айрим ҳудудларда 8 баробаргача ортган.
Асқар Баротов.