Қонунни билмаган қурбон ёхуд айбсиз айбдорлар

Ноябрь ойининг охири. Қишнинг илк совуқ шамоллари Самарқанд билан Бухоро орасини боғловчи йўлда изғир, дарахтлардан охирги баргларни учирарди. Қалин рўмолга ўралган Азиза таксида йўлга қараб, оғир туйғулар билан кетар эди.

Унинг ёнида ҳаётга ҳавас ва қизиқиш билан қарайдиган ёш талаба қиз Шаҳноза ўтирарди. Шаҳноза сукутни йўқотиш учун ёқимли овозда суҳбат бошлади:
– Опа, хастадек кўриняпсиз. Ҳаво совуқ, йўл узоқ. Агар хоҳласангиз, суҳбатлашиб кетсак,.. – деди у.
Азиза жилмайишга уринди. Кўзларида чарчоқ ва юрагида оғриқ бор эди:
– Бухорога эримни кўргани кетяпман. Ҳар икки ойда бораман... бу сафар йўл анча оғир туюляпти, – деди ниҳоят.

Шаҳноза қизиқиб сўради:
– Эрингиз у ерда яшайдими?
Азиза юрагидаги оғир сўзларни чиқаришга тайёрланаётгандек чуқур нафас олди:
– Йўқ, у қамоқда.
Шаҳноза ҳеч кутмаган сўзлардан ҳаяжонланди. У аёлда катта дард борлигини англади:
– Опа, мен журналистика бўлими талабасиман. Кўпроқ ҳаётий воқеаларни ёзаман. Агар хоҳласангиз, сизнинг ҳам ҳаётингизни ёритаман. Бу бошқаларга сабоқ бўлиши мумкин.
Азиза бошида жим турди. Кейин паст овозда жавоб берди:
– Майли, зеро, бошқалар хатога йўл қўймасин.
...“Мен ва Ориф оддий ҳаёт кечирардик. Катта орзуларимиз йўқ эди, лекин бир-биримизнинг бағримизда топган бахтимиз икки нафар фарзандимиз Нурилло ва Моҳинурнинг келажаги учун ҳаракат қилардик.

Ориф кичик тадбиркорлик қилар, мен эса уйда болалар тарбияси билан банд эдим. Бизнинг ҳаётимиз сокин ва барқарор эди. Токи 2021 йил бошида Орифнинг амакиси – Собир ака пайдо бўлмагунча.
У ўзини автомашина савдоси билан шуғулланадиган тадбиркор деб кўрсатарди. Бир куни келиб, Орифни банкдан 300 миллион сўм кредит олишга кўндирди. “Ишларимни йўлга қўяман, қарзни ўзим тўлайман”, деди.”

Турмуш ўртоғим бошида бу таклифни рад этди. Лекин Собир ака уни доим қўллаб-қувватлаб келганини эслатди. Шундан сўнг эрим амакисига ишониб, рози бўлди.
Кредит олинди. Аммо ортидан ҳеч қандай бизнес ёки даромад келмади. Собир ака Россияга қочиб кетди. Биз ҳеч нарса билмас эдик. Банк эса ўз ҳақини сўрарди.
Ҳамма ҳужжатлар эримнинг номида эди. Суд ундан жавоб талаб қилди. “Мен фақат амакимга ёрдам бердим”, деди у. Аммо қонунни билмаслик уни жазодан қутқариб қолмади. Суд беш йилга озодликдан маҳрум этди.

Мен эса болалар билан ёлғиз қолдим. Уйимизни ва бор мол-дунёмизни сотиб, қарзнинг бир қисмини тўладим. Лекин ҳаммаси тўланмади”.
Азизанинг сўзлари ўзини тўлқинлантирган бўлса-да, овозида матонат бор эди:
– Турмуш ўртоғим қамоқда, мен эса ҳаёт билан курашда давом этяпман. Унинг олдига ҳар икки ойда бораман. Болаларнинг расмларини кўрсатаман, дуоларини етказаман. Аммо ҳар гал уни қолдириб қайтиш осон эмас.
Шаҳноза жим бўлди. У Азизанинг кўзларида кўп нарсани ўқиди – алам, сабр, машаққат ва сўнмаган умид.

– Опа, шунча изтироб ичида қандай яшаяпсиз? – деди у ниҳоятда эҳтиёткорлик билан.
Азиза елкасини қисди:
– Мен кўзга кўринмас аёлман. Тикувчилик қиламан, бозорда мева сотаман. Фарзандларим учун яшайман. Ҳаёт менга ҳар куни сабоқ беради: қонунни билмаслик, билимсизлик – инсон тақдирини не кўйларга солар экан. Шунинг учун фарзандларимни ўқитаман, "Билимли хор бўлмайди", деганлари рост экан.

Ҳилола Ўсарова,
Бухоро давлат университети журналистика бўлими талабаси.