Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликларни содир этганларга суд ҳукми ўқилди
Содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарар судланувчиларнинг хатловга олинган мол-мулклари ҳисобидан қопланади.
Бугун, 2023 йил 31 январь куни Бухоро вилоят судида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Саламат Калилаев Жиноят кодекси (ЖК)нинг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилди ва жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланди;
Бердах Генжебаев ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми “б” банди, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 4 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиб, унга нисбатан қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чораси бекор қилинди.
Нурлан Султамуратов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил;
Полат Нурниязов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил;
Қаҳарман Сейтимов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил;
Саиыпназар Калимов билан Арыслан Темирханов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ҳар бири 6 йилдан;
Полат Шамшетов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил;
Амирбек Адилбеков ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 7 йил;
Бахтияр Кадирбергенов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 7 йил;
Сейдабулла Медетов билан Нурлан Найыпов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида, хар бири 7 йилдан;
Разбек Бекмуратов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 247-моддаси (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 8 йил;
Султанбек Каипов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 8 йил;
Даўлетмурат Джиемуратов ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми билан айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 83-моддаси (реабилитация асослари) 3-бандига асосан оқланиб, ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 8 йил;
Байрам Сейтниязов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 8 йил;
Аллабай Тоқимбетов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоларига судландилар.
Озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганларга нисбатан тайинланган жазо муддатларини улар қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Бундан ташқари, суд қарори билан Азамат Нуратдинов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 5 йил;
Ахмет Сметуллаев ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб 5 йил;
Азамат Турданов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 45, 57-моддалари қўлланилиб 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилга судландилар.
Озодликни чеклаш жазосига судланган А.Нуратдинов, А.Сметуллаев ва А.Турданов суд залида қамоқдан озод қилинди.
Лолагул Каллыханова содир этган жиноят жазоси 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Даулетмурат Тажимуратов ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қопланганлиги инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланганлардан солидар тартибда ундириш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Д.Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.
Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинди.
Шунингдек, жиноят ишини тергов қилиш давомида йўл қўйилган айрим хато-камчиликларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.