Қўрқиб яшаган халқдан буюклар чиқмайди

Самарқанд давлат университетининг катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди Фарҳод Набиев бахт ҳақида қизиқ бир нарсани айтиб қолди:

– Инсон ўзини қачон бахтли санайди? Соғ-саломат, оилали, бола-чақали бўлсами? Тўғри, буларнинг ҳаммаси бахтнинг кўринишлари. Аммо инсон ўзини фақат ва фақат бехавотир ҳис қилганида, ҳеч нарсадан қўрқмасагина бахтли ҳис қилади!

Домла бир тажрибани ҳам айтиб берди:

– Бир жойда икки қўй бир хил ем, сув билан парвариш қилинибди. Бири жуда семириб кетибди. Иккинчиси, қафасининг бир четига бўри боғлаб қўйилгани эса гарчи, наригиси билан бир хил парвариш қилинса-да, озиб-тўзиб бораверибди. Ниҳоят... ўлиб қолибди.

Бўридан кўз узмай, қалтираб турган қўй кўз олдимга келади. Ана шу қўй менман, дейман ўзимга ўзим! Ана шу қўй бизмиз, дейман!

Коммунистлар “Оз қолди, ҳадемай совет халқи коммунизмда яшайди”, деб бизни алдади, ишондик. Аммо қўрқиб яшадик. Бир гапни айтган одамни Москвага олиб кетишди, қайтиб кўрмадик. КГБ деган идора чақирган одам уйдагилар билан видолашиб кетарди ва ... қайтмасди.

Мустақил бўлдик!

27 йил бир инсон мамлакатдаги камчиликни айтолмади! Айта оладигани чиқса, ёшлиги “Жаслиқ”да ўтиб кетди. Ўқиган намози учунгина минг-минглаб ёшлар “Борса келмас”га борса келмас бўлиб кетди.

Бирор киши “Бу болаларнинг айби йўқ, булар ваҳобизм нима, экстремизм нима, терроризм нима, билмайди”, дея олмади.

Яқинда танишимнинг ўғли қайтди. Ўша, 17 ёшида намоз ўқигани учун қамалиб кетган ўсмирни кўраман, деган хаёл билан уйига бордим. Менга ўша йигит, деб ёши 40 га бориб қолган, сочлари тўкилиб, тишлари тушган, ичига чуқур ботиб кетган кўзларида мунг қотиб қолган, арвоҳбашара бир “чол”ни кўрсатишганида йиғлаб юбордим!

Бу йигит қайтди. Кўплар шунчаки йўқолиб кетди. Текис йўлда “автоҳалокат”га учради. Айрим дуппа-дуруст одамлар жиннихоналарга тушди.

Булар ҳамма ёқни чиритиб юборишди, дея олмадик!

Керак бўлса, “столба”ни ҳам олиб бориб қамашяпти, дея олмадик!

Қўрқув бизнинг юракларимизгача томир отди.

27 йил бўридан қўрқиб, бурчакка қисилиб, титраб-қақшаб яшадик!

Ана шу қўрқувнинг томирини ҳануз юлиб ташлай олмаяпмиз!

“Энди ҳеч нарсадан қўрқманглар! Ҳақиқатни айтинглар! Кўпроқ танқид қилинглар!”

Бу гапларни Ўзбекистон Президенти айтди! Бир неча бор айтди!

Аммо қани, ким айтди ҳақиқатни?

Қайси журналист бўлаётган қинғир ишларни танқид қилиб чиқди?

Ҳеч ким, ҳеч қачон ҳақиқатни айтмайди, танқид ҳам қилмайди!

Қайтанга ҳамма маддоҳлик қилади, қарсак уради! Шунчаликки, қўллари қавариб кетади. Қўллари камлик қилганлар елкалари билан қўшилиб, силкиниб-силкиниб, қарсак уради!

Аммо, ўша биринчи рақамли маддоҳлар Президентнинг қўлидан энг олий нишонлар, орден, медалларни олади. Буни кўриб турган оддий халқ, журналист танқид қиладими? Ҳақиқатни айтадими?

Икки дунёда айтмайди! Жимгина қарсакни гумбурлатади...

Телевизорни кўринг! Унда кўрсатилаётган Ўзбекистон – Сусамбил-ку?! Камчилик йўқ, нуқсон йўқ. Ҳамма ёқ гўзал, одамлар шод-хуррам! Ҳамма кўп гўшт еяпти...

Ҳақиқатни айтиш, танқид қилиш ҳеч кимга ёқмайди! Мени танқид қилинг, деган одамнинг ўзига ҳам ёқмайди.

Бўлмаса, ҳамма кўриб, билиб, сезиб турибди. Бир журналист ҳатто бир мақола эълон қилиб, очиқчасига ёзди ҳам. Гулнора Каримованинг ўрнига янги опани халқнинг ўзи, ОАВнинг ўзи яратиб олганини. Опа ишлайдиган вазирликнинг вазири қолиб, ҳамма опани мақтаётганини. Опа ўзининг яқинларига ёзган оддий табрик энг улуғ нашрларда буюк бир шоҳ асардек эълон қилинаётганини.

Мен буларни нега ёздим?

Катта ёшлиларни энди ўзгартириб бўлмайди. Катталарнинг қалбидаги қўрқувни энди ҳеч ким кеткиза олмайди. Катта маддоҳларнинг тили энди ҳеч қачон мадҳия, мақтовдан бошқа нарсага ярамайди.

Ҳамма умид ёшлардан, ёш авлоддан.

Аммо уларни ким ҳеч нарсадан қўрқмайдиган қилиб тарбиялайди?

Фақат ва фақат МУАЛЛИМ!

Муаллим мактабда ёш авлодга билим бериш давомида уларнинг қалбига довюраклик, жасурлик, мардлик уруғларини қадаши керак!

“Сиз озгина қўшин билан ҳисобсиз Чингиз лашкарига қарши чиқа олган Жалолиддин авлодларисиз!”, “Сиз ҳиндларнинг филлар билан қуролланган ҳисобсиз қўшинини тор-мор қилган Мирзо Бобур ворисларисиз!”, “Сиз ўриснинг мўр-малахдай армиясига қарши чиқа олган ва халқнинг ор-номусини сақлаш йўлида жонидан кечган Муҳаммадамин бекларнинг, Шермуҳаммад бекларнинг, Иброҳим бекларнинг набираларисиз!”, “Сиз аёл боши билан ўрис босқинчиларини тирқиратган Қурбонжон Додхоҳнинг давомчиларисиз”, дейиши керак, муаллимлар!

Ўқувчилар қалбида бу жасорат оловини фақатгина муаллим ёқа олади!

Ўқувчилар руҳига жанговарлик руҳини фақатгина муаллим сингдира олади!

Агар шундай қилинмаса, яна минг йиллаб Амир Темур, Улуғбек, Мангуберди ва Бобур билан, фақат уларнинг номи билангина керилиб юраверамиз. Ўзбекдан янги Темур, янги Улуғбек, янги Жалолиддин, янги Бобур чиқмайди! Қўрқиб яшаган халқдан буюклар чиқмайди!

Фарзандларимизни, юрт келажаги уларнинг қўлида бўладиган невараларимизни ана шундай мард ва жасур, муҳими, ҳеч нарсадан қўрқмай яшайдиган, Президентга ҳам тўғри гапни айта оладиган, каттаконларни кўрса, ит каби думини ликкилатмайдиган, боболари ва оталари каби маддоҳлик, қарсакбозлик қилмайдиган, Ўзбекистоннинг келажагини буюк қилиб бера оладиган авлодни тарбиялаб беришда Ўзбекистон ўқитувчиларига куч-қувват, бардош, ирода тилайман!

Умид сиздан, азиз муаллим!