Қўшработ туманида “Доимо эътиборимиздасиз!” шиори остида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди

Зармитан, Заркент ва Бойтўп маҳаллалари Қўшработ туманидан 15 километр узоқликда жойлашган. Бу ҳудудда ўн мингга яқин фуқаро истиқомат қилади. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Қўшработ туман давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан айнан ушбу манзилда навбатдаги сайёр тадбир ташкил этилди.

Заркент маҳалласи марказида ўтказилган тадбирда 100 га яқин маҳалла фуқаролари иштирок этди. Дастлаб, йиғилганларга давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган 120 га яқин давлат хизматлари ҳақида маълумот берилди.

 - Бугунги тадбирга синглим билан келдим, - дейди Заркент маҳалласида истиқомат қилувчи Лола Шодмонова. – Марказ ходимлари томонидан мурожаатимиз тез фурсатда ижобий ҳал этиб берилди. Бундай сайёр тадбирларнинг ташкил этилиши фуқароларга енгиллик яратиши билан бирга уларнинг вақтлари ва ортиқча маблағлари тежалишини таъминлайди.

Шунингдек, тадбирда Заркент ва Зармитан маҳаллаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари - Р.Валибоева ҳамда М.Соибовалар хонадонига борилиб, уларнинг мурожаатлари юзасидан давлат хизматлари кўрсатилди. 

Ўтказилган сайёр тадбирда 70 га яқин фуқарога ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар хусусида маслаҳат ва тушунчалар берилди.

Тадбирда Давлат хизматлари марказида фаолият бошлаган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси вакиллари ҳам қатнашиб, фуқаролар дардини тинглади, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим излади.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.