Қўшработда бепул тиббий кўриклар давом этмоқда
Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ходимлари Қўшработ туманида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
- Аввало, кам даромадли оилалар турмуш шароитини ўрганиб, уларни камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари бўйича ўрганишлар жараёнида аниқланган соғлиғидан шикоят қилган фуқаролар рўйхати шакиллантирилмоқда, - дейди филиал бош врачи Г. Негматова. - Сўнгра бу фуқаролар ходимларимиз томонидан кўрикдан ўтказилиб, бир қанча даволаш, ташхислаш ва скрининг тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, Мустақиллик маҳалласида 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида скрининг тадбирлари ўтказилди ва касаллик аниқланган фуқароларни даволаш чоралари кўрилди.
68-умумтаълим мактабида болалар ўртасида эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ташкил этилган кўрикда 270 нафар ўқувчиларнинг 31 нафарида турли эндокрин касалликлар аниқланиб зарур тавсиялар берилди.
Тиббиёт бирлашманинг жарроҳлик бўлимида филиал жарроҳлари томонидан икки нафар фуқарода қалқонсимон безнинг юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффаққиятли бажарилди ва ТТБ жарроҳларига маҳорат дарси ўтказилди.
Филиал ходимлари томонидан ётоқдаги беморлар уйларига бориб текширилди ҳамда тегишли, тавсиялар беришди.
Эндокрин касалликлар билан касалланган ўндан ортиқ беморлар филиалда даволанмоқда.