Қўшработда Кореянинг “HIBI International Co. Ltd” компанияси билан ҳамкорликда агросаноат кластерини ташкил этилади
Самарқандда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 164,3 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш прогнози белгиланган эди. Ўтган давр мобайнида 59 та лойиҳа ҳисобига 170,7 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилди.
Вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шероз Собировнинг zarnews.uz'га маълум қилишича, дастур доирасида 1240 та иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 6,9 триллион сўмлик 784 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 14,4 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Мисол учун, Ургутдаги “Sam Star Layf” МЧЖда қиймати 14,7 миллиард сўмлик пайпоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 25 та янги иш ўрни яратилган бўлса, Самарқанд туманидаги “Sherzod Fruits Boks” МЧЖда қиймати 5,3 миллиард сўмлик гофра картон қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 14 та янги иш ўрни ташкил этилган.
- Инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида ишлаб чиқилган қисқа ва узоқ муддатли стратегияга мувофиқ, келгусида вилоятда янги иш ўринлари яратишни назарда тутувчи бир нечта йирик лойиҳаларни ишга тушириш устида ишланмоқда,- дейди Ш.Собиров.- Жумладан, Қўшработ туманида Корея давлатининг “HIBI International Co. Ltd” компанияси билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри 100 миллион доллар инвестиция ҳисобига агросаноат кластерини ташкил этиш ва лойиҳа доирасида 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар, Нуробод, Нарпай ва Пахтачи туманларида “Kattakurgan Sigma Cement”, “Billur Quartz”, “Platinum Metal Industry” ҳамда “Asl Oyna” МЧЖларида 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратишга қаратилган саноат соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада январь-сентябрь ойларида умумий қиймати 2,6 триллион сўмлик 674 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 6833 та янги иш ўрни ташкил этилишига эришилди.
Жумладан, саноат соҳасида қиймати 1 167,1 миллиард сўмлик 170 та, хизматлар соҳасида қиймати 874,8 миллиард сўмлик 324 та, қишлоқ хўжалигида қиймати 572,2 миллиард сўмлик 180 та лойиҳа амалга оширилди.
Инвестиция дастурлари янги иш ўринлари яратиш билан бирга, хорижий бозорларга чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар салмоғи ортишига хизмат қилмоқда. Мисол учун, вилоятимизда 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун 428,3 миллион доллар экспорт прогнози белгиланган. Амалда бу кўрсаткич жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 429,6 миллион долларни ташкил этди. Таҳлилларга кўра, экспорт улушида саноат маҳсулотларининг миқдори юқори.
Умуман, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 489 та корхона томонидан 54 мамлакатга 532 турдаги, хусусан, 126,6 миллион долларлик озиқ-овқат, 123,1 миллион долларлик текстиль, 52 миллион долларлик металл ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, 26,8 миллион долларлик кимёвий маҳсулотлар ҳамда 22,9 миллион долларлик озуқа-ем маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Қайд этиш лозимки, жорий йилда ташқи иқтисодий фаолиятга 129 та янги корхона жалб қилиниб, улар томонидан Россия, Қозоғистон, АҚШ, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларга 21,7 миллион долларлик маҳсулотлар чиқарилган.