Қўшработда қайси йўллар асфальт қилиняпти?
Қўшработ туманига олиб борадиган “Митан-Қўшработ-Нурота” автомобиль йўлининг узунлиги 75 километрни ташкил этади. Мазкур йўлнинг аксарият кисми қисман таъмирланиб келинар эди. Шу йилнинг июль ойидан бошлаб республика бюджетидан ажратилган 4,5 миллиард маблағ ҳисобидан мазкур йўлнинг Шовона маҳалласи ҳудудидаги таъмирталаб 9-15 километр қисми текисланиб, асфальт қилинмоқда.
- Ҳар йили йўл қисман ямалаверганидан ҳам ҳайдовчилардан, ҳам йўловчилардан мурожаатлар кўпайиб кетганди, - дейди Қўшработ туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси бўлим бошлиғи Исмоил Хидиров. – Жорий йилги давлат дастурига асосан мазкур автомобиль йўлининг эни 7 метрдан 9 метргача кенгайтирилмоқда. Ҳозиргача режадаги 6 километр йўлнинг 2 километрида асфальтлаш ишлари якунланди. Ишчиларимиз томонидан кунига 250-300 метр масофада 3 қават тош, шебень ва битум ташланиб, асфальтланмоқда.
Йўлнинг бир томонидан пиёдалар йўлаги ҳам қурилмоқда. Ҳудуддаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, савдо-сотиқ дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ичкарига олиняпти.
- Шу пайтгача асфальт Самарқанд шаҳридан ташиб келинар ва анча қимматга тушар эди, - дея маълумот берди туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси бошлиғи Асқар Туронов туманда йўлларни асфальт қилиш ҳолати бўйича ташкил этилган пресс-тур иштирокчиларига. – Яқинда туманимиздаги Дўстлик маҳалласида асфальт ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлади. Айни кунларда корхонада кунига ўртача 500-600 тонна асфальт ишлаб чиқарилмоқда. Натижада асфальт бизга ва қўшни Иштихон ва Пайариқ туманлари йўлсозларига етказиб бериляпти.
Ушбу автомобиль йўлининг таъмирлаш ишларини шу йилнинг сентябрь ойида якунига етказиш режалаштирилган.
Дилмурод Тўхтаев.
Фаёз Низомов олган суратлар.