Қўшработлик энг яхши маҳалла раисига Президент совғаси – “Spark” автомашинаси берилди
Ғалати, қаерда муаммо, ўзаро келишмовчилик, етишмовчилик кўп бўлса, ўша маҳаллани ҳамма танийди. Қайси идорага бош суқманг “Ҳа, ана у маҳалладансизми?” дея сирли қараб қўйишади.
Тинч ва осойишта, одамлари аҳил-иноқ яшаётган, муаммоларини ўзлари ҳал этаётган маҳаллаларни эса ҳатто туман миқёсида биров билиб, биров билмайди.
Қўшработ туманидаги Ўртасой маҳалласи ана шундай маҳаллалардан бири. Туманнинг энг олис нуқтасида, тоғлар орасида жойлашган бу сўлим масканда 306 оила умргузаронлик қилади. Уларнинг яхлит оиладек тинч ва тотув яшашини, ҳаётдан ризолигини кўрган ҳар қандай киши ҳавас қилади. Мана, неча йилдирки, Ўртасойда оиланинг бузилиши, жиноятчилик рўй берган эмас. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам, ёшлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари рисоладагидек йўлга қўйилган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Маҳаллада эришилган бу ютуқларга унинг фидойи оқсоқоли Турсунмурод Нурматов бош-қош бўлмоқда. Ўртасойликлар бундан беш йил бурун бу инсонни маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайлаган эди. Танловда адашишмаган экан, тиниб-тинчимас раис маҳалладаги барча муаммоларни, керак бўлса, хонадонбай ўрганиб, уларни тизимли равишда бартараф этиш йўлларини қидирди. Бунга нафақат ўзининг куч-ғайрати, шижоати, билим ва тажрибасини, балки бошқаларнинг ҳам, хусусан, маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолининг имкониятларини сафарбар этди. Натижада маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит соғломлашди, тадбиркорлик, томорқа хўжалиги ривож топди, ободонлаштириш ишлари жадаллаб, маҳалла қишлоқлари кўркамлашди. Маҳаллага элтувчи йўлни асфальтлаш ўртасойликларнинг асрий орзуси эди. Яқинда бу орзу ҳам ушалди: йўлсозлар 4 чақирим масофадаги тош йўлга асфальт ётқизди.
Қарангки, янги барпо этилган текис ва равон йўлдан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўтказган кўрик-танловнинг “Энг яхши маҳалла раиси” номинацияси бўйича учинчи ўринни эгаллаган Турсунмурод Нурматов Президент совғаси – “Spark” автомашинасини бошқарган ҳолда биринчи бўлиб ўтди.
Норбобо ШАКАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.