Қўшработлик ўғригина йигит: у муддатли ҳарбий хизматда “қўйган ҳол”ини тузатиш учун шу ишга қўл урган

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўғриликни оқлаб бўлмайди. Аммо бу йигитнинг шу ишни қилишига сабаб бўлган воқеа кўпчилик учун ибрат бўлиши керак. Негаки, ота-она яхши ниятлар билан ҳарбий хизматга юборса-ю, у қайтгач ҳамқишлоқларининг қўйини ўғирлаб сотиши ҳеч қайси мантиққа ёки қоидага тўғри келмаса керак?!

У дастлаб чўпонлар тушлик қилаётганидан фойдаланган. Қўрада қамалган қўйлар орасидан бир бош қўчқор, совлиқ ва қўзичоқни ҳайдаб кетганини ўша пайт ҳеч ким илғамаган.

Шунча жонлиққа эга бўлган “азамат” уларни 200 минг сўмга такси ёллаб Самарқанд шаҳридаги танишлариникига олиб боради. Бу ерда уларни арзон гаровга пуллаб ортга қайтади. Тўпланган пуллар камлиги сабаб орадан кўп ўтмай ўғрилигини яна давом эттиради.

Албатта, ўзи ҳам ҳеч қанча вақтга қолмай қўлга олинади.

“Хизмат даврида бир қиз билан ишқий муносабатларим чуқурлашиб кетганди, - дейди йигитча судга берган кўрсатмасида. - Қайтганимдан кейин ҳам хабарлашиб турдик. Кейинчалик унга уйланмаслигимни билиб, "Агар 1000 доллар бермасанг, сени қаматаман", деди. Шу пулни топиш учун ўғрилик қилишга мажбур бўлдим.”

Тўғри, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланган. Аммо йўқотилган ор нима бўлади? Камига йигитчага қилмиши учун жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди ҳукмига кўра, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Унинг яшаш жойидан ҳар куни кеч соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланди. Шунингдек, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик; Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмаслик; муайян жойларга, яъни кафе, бар ва ресторанларга бормаслик; алкоголли ичимликлар истеъмол қилмасликдан иборат қўшимча чеклашлар юклатилди.