Қозоғистон парламенти Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши умрбод раислигидан маҳрум қилди

Қозоғистон парламенти Сенати (юқори палатаси) депутатлари ялпи мажлисда республиканинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон Халқ Ассамблеяси (ҚХА) ва Хавфсизлик Кенгашига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунчиликка ўзгартиришларни маъқуллагани ҳақида палата веб-сайтида маълумот берилди.

Аввалроқ Парламент Мажлиси (қуйи палатаси) ялпи мажлисда ушбу тузатишларни маъқуллагани ҳақида 19 январь куни депутат Қанат Нуров маълум қилган эди. Қонун лойиҳалари матнлари Сенат сайтида эълон қилинди.

Палатанинг Конституциявий қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўмитасининг хулосасига кўра, ўзгартиришлар ҚХА раиси ва Хавфсизлик кенгаши раисининг ваколатларини мамлакат президентига ўтказишга қаратилган. Шундай қилиб, Ассамблея тўғрисидаги қонун Қозоғистоннинг биринчи президенти – элбошининг ассамблеяга умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини, Хавфсизлик Кенгаши тўғрисидаги қонун эса Хавфсизлик Кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини истисно қилади.

Бундан ташқари, парламентда Назарбоевнинг республика Конституциявий кенгаши аъзоси бўлиш, шунингдек, ҳукумат ва парламентда чиқиш қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган конституциявий қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетган бўлсада, Хавфсизлик кенгаши раҳбари, ҳукуматдаги “Нур Отан” партияси етакчиси ва Қозоғистон халқ ассамблеяси раҳбари лавозимларини сақлаб қолган эди. 2021 йил апрелида Назарбоев ҚХА раиси лавозимини тарк этиш ва бу ваколатларни республиканинг амалдаги раҳбарига ўтказиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Назарбоев 5 январь куни, мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар пайтида Хавфсизлик кенгаши раиси ваколатларини Қосим-Жомарт Токаевга топширди.

18 январь куни тартибсизликлар бошланганидан кейин қозоғистонликларга видеомурожаат орқали мурожаат қилган 81 ёшли Назарбоев Токаев Қозоғистонда тўлиқ ҳукуматга эга эканни, ўзи эса нафақага чиққанини билдирди. Шу билан бирга, собиқ президент “элитадаги можаро ёки қарама-қаршилик” ҳақидаги миш-мишларни рад этди.