Қозоғистонда халқаро авиақатновлар фаолияти қайта тикланади

Қозоғистон халқаро авиақатновлар фаолиятини қайта тиклашга йўналтирилган масалани кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 29 май куни саноат вазирлигининг фуқаро авиацияси ва мамлакат инфратузилмаси ривожланиши қўмитаси раҳбари Талгат Ластаев маълум қилди.

Маълумотга кўра, халқаро авиа рейслар фаолияти тикланишининг биринчи босқичида Жанубий Корея, Хитой ва Озарбайжон давлатлари билан авиақатновлар қайта тикланади.

“Бугун бўлиб ўтган мажлисда биз халқаро йўналишларни тиклашга рухсат олдик. Мазкур масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги маслаҳатлари ва эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир нечта босқичларга бўлинган. Биринчилардан бўлиб Жанубий Корея, Хитой ва Озарбайжон давлатлари билан авиақатновлар тикланади”, деди Ластаев брифингда.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи босқичда Туркия, БАА, Германия, Таиланд ва Чехия давлатлари билан авиақатновлар тикланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга Ластаев, рейслар зудлик билан йўлга қуйилмаслигини, барча инстанциялар билан маслаҳатлашган ҳолда ва эпидемиологик вазиятга қараб йўлга қуйилишини таъкидлади.